Orphus tizimi

Боғланиш

Мурожаатлар шакллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатлар қуйидаги турларга бўлинади:

ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;

шикоят – бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;

аноним мурожаат – жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;

такрорий мурожаат – аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;

мурожаатнинг дубликати – айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;

электрон мурожаат – электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклдаги мурожаат;

Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.

Мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан қатъий назар бир хил аҳамиятга эга.

Мурожаатларга қуйидаги талаблар қўйилади.

Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма мурожаатда жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат қилувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахснинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахс ёзма мурожаатини имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаганда, бу мурожаатни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам кўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар божхона органига келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва (ёки) байрам кунларига тўғри келса, кейинги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

Божхона органлари ваколати доирасига кирмайдиган масалалар бўйича келган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай тегишли давлат органларига юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Божхона органлари томонидан мурожаатларни ўрганиш жараёнида, айнан бир масала юзасидан қайта берган мурожаатлари олдинги мурожаати билан биргаликда кўриб чиқилади ва натижаси бўйича битта жавоб хати берилади.

Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган ижрочи мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

Мурожаатни муаллифнинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар божхона органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Мурожаат қилувчи келмаган тақдирда божхона органининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб хати юборади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича божхона органи томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда жавоб хати мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч иш куни мобайнида хат билан муаллифга қайтарилади.

Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза божхона органлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакили орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Божхона органларининг “ишонч телефонлари”га келиб тушган мурожаатлар қонунда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.

Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.

Мурожаат божхона органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча маълумотлар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларга мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

Ушбу ҳаволада Божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом билан танишиб чиқишингиз мумкин. Маълумот pdf форматида. Ҳажми: 3.8 МБ


2777

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР