Orphus tizimi

Жисмоний шахслар учун

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари

Ўзбекистон Республикасига кириш жойи ва вақти

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари республиканинг барча чегара божхона постлари орқали республикага кириб келишлари мумкин.
Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар республиканинг халқаро мақомга эга бўлган чегара божхона постлари орқали кириб келишлари мумкин. Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқаролари мазкур давлатлар билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимларга асосан белгиланган иккитомонлама чегара божхона постлари орқали харакатланишларига ҳам рухсат этилган.
- халқаро мақомга эга бўлган чегара божхона постлари – барча давлат фуқаролари ва транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган чегара божхона постлари.
- икки томонлама чегара божхона постлари – қўшни давлатлар билан имзоланган келишувларга мувофиқ белгиланган ва фақатгина аҳдлашувчи давлатлар фуқаролари ва транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган чегара божхона пости.
Аэропорт ва чегара темир йўл божхона постлари орқали барча давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳаракатланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳамда божхона постида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан божхона постлари орқали шахсларнинг ҳаракати чекланиши ёки вақтинчалик тўхтатилиши мумкин.
Чегара божхона постларининг иш вақтига қараб, шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига куннинг фақат ёруғ вақтида ёки сутка давомида кириб келишлари мумкин. Чегара божхона постларининг иш вақти Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар билан имзоланган ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимларига асосан белгиланади. Чегара божхона постлари дам олиш ва байрам кунлари ҳам белгиланган тартибда фаолият олиб боради.

Божхона идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар

Божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахс томонидан божхона ходимига қуйидаги хужжатлар тақдим этилади:
- фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тегишли гувоҳнома);
- белгиланган тартибда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси.
Йўловчи божхона декларацияси – жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси, чет эл валютаси, валюта бойликлари ҳамда ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа предметларни божхона назорати ҳамда расмийлаштирувидан ўтказиш мақсадида божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжат.

Божхона расмийлаштируви

Шахснинг қўл юкларини расмийлаштирувчи божхона пости ходими томонидан йўловчи божхона декларациясидаги маълумотлар ҳамда божхона назоратини амалга ошириш натижалари текширилиб, шахсий муҳр ва имзо қўйган ҳолда расмийлаштирилади.
Расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси “Йўловчи божхона декларацияси” ААТ дастурига киритилади.

ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ ШАКЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 260-моддасига асосан

Товарларни декларациялаш:

а) жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошмайдиган товарлари декларацияланаётганда – оғзаки шаклда;

б) йўловчи божхона декларациясидан фойдаланилган ҳолда:

жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошадиган товарларининг;

жисмоний шахснинг яшаш жойи ўзгарганда (аввалги яшаш жойидан ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида қайд мавжуд бўлган ҳолда) унинг шахсий мол-мулки бўлган товарларнинг, бундан автотранспорт воситалари мустасно;

ушбу Кодекснинг 158 ва 160-моддаларида кўрсатилган ҳолларда, жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситаларининг;

Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг ва валюта бойликларининг;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли тақиқлар ва (ёки) чекловлар белгиланган товарларнинг;

в) божхона юк декларациясидан фойдаланилган ҳолда:

юридик шахслар учун ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар учун товарларнинг, бундан ушбу модданинг «г» бандида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

жисмоний шахсларнинг тижорат мақсадларидаги товарларининг;

жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситаларининг, бундан ушбу Кодекснинг 158 ва 160-моддаларида кўрсатилган ҳоллар мустасно;

жисмоний шахс кириб келишидан ёки чиқиб кетишидан олдин ёки кейин олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган, алоҳида кузатиб келинаётган багажда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг;

г) товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда:

юридик шахслар учун ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар учун қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда, бундан товарлар ташқи савдо контрактлари (шартномалари, келишувлари) бўйича мажбуриятларни бажариш доирасида олиб ўтилаётган ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар мустасно;

қиймати расмий айирбошлашнинг ушбу товарларни декларациялаш кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича бир минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги товарларни умумжаҳон Интернет тармоғида онлайн дўконлари орқали экспорт қилиш чоғида амалга оширилади.

БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ

Божсиз олиб кириш меъёрлари акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормаларидан ошган товарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган ставкалар бўйича божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимлари ундирилиши лозим.

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТАЛАБЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарлар қонунчиликда белгиланган тартибда декларацияланмаган тақдирда улар давлат эгалигига ўтказилиши ва уларни декларацияламаган шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишига сабаб бўлади.


Тариф бошқарув

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларга қонун ҳужжатларига кўра божсиз олиб кириш меъёрларидан ҳамда акциз солиғига тортилмайдиган меъёрлардан ортиқ олиб кириладиган товарларга белгиланган ставкалар бўйича божхона тўловлари ундирилади.
Божсиз олиб кириш меъёрлари:
- чегарадош давлатлардан шахсий фойдаланиш учун умумий эквивалент қиймати 10 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
- чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан умумий эквивалент қиймати 1000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни бож тўламасдан олиб кириш мумкин.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни акциз солиғисиз олиб кириш меъёрлари ЎзР АВда 1998 йил 13 мартдаги 412-сонли билан рўйхатдан ўтган.

Жисмоний шахслар томонидан товарларга акциз солиғи тўламасдан олиб кириш меъёрлари 

Қовурилган ёки қовурилмаган, кофеинли ёки кофеинсиз кофе – 2кг; 
осетр увилдириғи (икраси) – 0,5кг; 
увилдириқ ўрнини босувчи - 1 кг; 
қандолат маҳсулотлари – 5 кг; 
плиткали ва брикет шоколад – 2кг -5кг; 
дон маҳсулотлари, дон бошоқли ўсимликлар, крахмал ва ун, унли қандолат маҳсулотлари – 10 кг; 
сабзавот, мева, ёнғоқ ва бошқа ўсимликлардан қайта ишланган маҳсулотлар -5 кг; 
аралашган озиқ-овқат маҳсулотлари – 2 кг; 
пиво – 2 л; 
алкогольсиз ичимликлар, шарбатлар (цитрус ўсимликлари шарбатидан ташқари) – 2 л; 
барча турдаги алкоголь маҳсулотлар (пиводан ташқари) – 2 л; 
барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 пачка; 
парфюмерия – ҳар бир туридан 2 дона; 
автомобил косметикаси – ҳар бир туридан 2 дона; 
ювиш ва тозалаш воситалари – 5 кг; 
табиий ва сунъий теридан тайёрланган маҳсулотлар, мактаб портфели ва ранецдан ташқари – ҳар бир туридан 1 донадан, 3 тадан ортиқ бўлмаган миқдорда; 
табиий теридан кийим ва кийимга тегишли буюмлар – ҳар бир туридан 1 донадан, 3 тадан ортиқ бўлмаган миқдорда; 
табиий мўйнадан тайёрланган устки кийим ва бош кийимлар – ҳар бир туридан 
1 донадан, 3 тадан ортиқ бўлмаган миқдорда; 
гилам ва гилам маҳсулотлари – 15 кв.м; 
машина ва қўлда тўқилган трикотаж маҳсулотлари – ҳар бир туридан 1 донадан; 
кўрпа-ёстиқ жилдлари – 5 тўплам; 
кулолчилик маҳсулотлари – 24 донадан ортиқ бўлмаган 1 тўплам; 
биллур идишлар – 12 донадан ортиқ бўлмаган 1 тўплам; 
қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металдан тайёрланган заргарлик буюмлари – умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 та маҳсулот; 
қимматбаҳо бўлмаган тақинчоқлар – 0,5 кг.дан ортиқ бўлмаган миқдорда; 
ошхона анжомлари, пичоқлар, санчқилар ва бошқа асл бўлмаган металдан, шу жумладан қимматбахо металл билан қопланган анжомлар - 24 донадан ортиқ бўлмаган 1 тўплам; 
видео ва аудиоаппаратлар – ҳар бир туридан 1 донадан, 3 тадан ортиқ бўлмаган миқдорда; 
турли соатлар – 2 дона; 
қандил, ёритиш асбоблари – 2 дона.
Жисмоний шахслар томонидан божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқ олиб кирилаётган товарлар энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан:
- ошмаган ҳолларда қонунчиликда белгиланган божхона тўловлари чегара божхона постида божхона кирим ордери асосида ундирилади;
- ошган ҳолларда божхона юк декларацияси расмийлаштириш учун ТИФ божхона постига юборилади.

Акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормалари Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 мартда 412 рақам билан рўйхатдан ўтган бўлиб, ушбу ҳавола орқали тўлиқ рўйхат билан танишиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган истеъмол товарларининг тўлиқ рўйхати Адлия вазирлигида 2013 йил 12 августда 2500-рақам билан рўйхатдан ўтказилган бўлиб, ушбу ҳавола орқали тўлиқ танишиб чиқишингиз мумкин.


Нотариф бошқарув

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига шахслар томонидан олиб кирилаётган товар моддий бойликлар чегара божхона пости орқали олиб ўтилганда давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларни республика ҳудудига олиб кирилиши чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.
Шунингдек, шахслар республика ҳудудига кириб келаётганда олиб кирилиши учун ваколатли органларнинг рухсатномалари талаб этиладиган товарларга тегишли рухсатномалар (лицензиялар) мавжудлиги назорати олиб борилади.
Қуйидаги товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланади:
- Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверинитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт махсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио махсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турларини (антисимизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материаллар;
- этил спирти;
- лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичларни (ТИФ ТН коди 9013 20 000 0);
- пиротехника махсулотлари;
- пул ютуғи билан боғлиқ бўлган ўйин автоматлари;
- “М2”, “М3” ва “N2” категориядаги олдин фойдаланувда бўлган автотранспорт воситалари;
- заҳарлилик даражаси “Евро-3” экологик синфи талабларига жавоб бермайдиган, бензин ёки дизел ёқилғисида ҳаркатланадиган янги автотранспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8703 ва 8705 бўлиб, махсус мақсадлар учун фойдаланиладиганлардан ташқари);
- Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Румыния, Болгария ва Туркиядан етиштирилган хонаки тирик парранда, хонаки тирик парранда гўшти, тухуми ва улардан тайёрланган иккиламчи махсулотлар;
- Буюк Британиядан қорамол, мол гўшти, гўшт-сут ва уларни қайта ишлашдан олинган ҳамда озиқ-овқат, ветеринария, тиббиёт, фармацевтика ва парфюмер-косметика ишлаб чиқаришда ишлатиладиган махсулотлар;
Албания, Ангола, Андорра, Армения, Афғонистон, Бутан, Гаити, Гвинея-Бисау, Джибути, Заир, Ироқ, Кабо-Верде, Камбоджа, Қирғизистон, Оман, Палау, Руанда, Сан-Марино, Сан-Томе ва Принсини, Сомали, Сьерра-Леоне давлатларидан Озон қатламини емирувчи нарса ва таркибида бўлган маҳсулотлар.
Қуйидаги товарларни олиб киришда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари (лицензиялар) талаб этилади:
- гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кирилаётганда Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясининг тегишли рухсатномаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган сертификатлар;
- озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар;
- саноат мақсадидаги портловчи материалларни, алюминий кукуни ва қурумини (ТИФ ТН кодлари 7603100000, 7603200000) Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан бериладиган рухсатномалар;
- Ўқотар қурол ва патронларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳуқуқини берувчи Президент Хавфсизлиги Хизмати томонидан берилган рухсатномалар;
- Ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар;
- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали ускуналар товарларни олиб кирилаётганда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг Электромагнит мувофиқлик маркази томонидан бериладиган рухсатнома;
- Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда унга берилган экологик сертификат.
Шу билан бирга, чегара божхона пости орқали олиб ўтилаётган айрим товарларга нисбатан ҳалқаро битимлар, амалдаги қонунчилик асосида бошқа чеклов ёки тақиқлар қўлланиши мумкин.

Божхона назорати

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахс ва унинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилиши лозим.
Шахс ва унинг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказишда божхона ходими қуйидаги божхона назорати шаклларининг барчасидан ёки бир нечтасидан фойдаланади (бунда, танланган шакл божхона қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлаш учун етарли бўлиши лозим):
- божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш (йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни текшириш);
- оғзаки сўраб-суриштириш (шахснинг ўзи билан бирга ёки қўл юклари орасида олиб кириш тақиқланган, чегараланган товарлар мавжуд ёхуд мавжуд эмаслигини, декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини сўраб-суриштириш);
- божхона кўригидан ўтказиш (Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган ва чегараланган товарларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида шахс ва унинг қўл юкларини бевосита ва/ёки хизмат итлари ҳамда божхона назоратининг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда кўрикдан ўтказиш);
- шахсни кўздан кечириш (Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган ва декларацияда кўрсатилмаган товарларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида бевосита шахсни кўздан кечириш);
- ҳисобга олиш ("Йўловчи божхона декларациялар” ААТ дастурига шахс тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали ҳисобга олиш).
Шунингдек, божхона ходими божхона кўригини амалга оширишда божхона назоратининг техник воситаларидан (рентген, металлодетектор ва бошқалар) фойдаланилади.

Валюта назорати

Чегара божхона пости ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали кириб келаётган шахслар валюта назоратидан ўтказилади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига олиб кириладиган валюта бойликлари йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида кўрсатилади.
Бунда, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси божхона декларацияланиши керак:
- энг кам иш ҳақининг 5 бараваригача миқдорда бўлса - йўловчи божхона декларациясига мажбурий тарзда киритмасдан;
- энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан ортиқ бўлса - йўловчи божхона декларациясига мажбурий тарзда киритган ҳолда.
Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютасини Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига олиб кирилишига йўловчи божхона декларациясига ёзма равишда киритилган тақдирда рухсат этилади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси – сўмни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 бараваридан ошмайдиган суммада рухсат берилади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси белгиланган меъёрдан ортиқча олиб кирилганда ТС-21 квитанцияси тўлдирилади.
Шахсни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида қалбаки нақд миллий валюта мавжудлиги аниқланган тақдирда, ушлаб қолинади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва ваколатли банклар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси олиб кирилиши чоғида божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) ундирилмайди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳар қандай тоифадаги шахслар томонидан нақд хорижий валютасини олиб кириш ёзма декларацияланган тақдирда чекланмаган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 5000 АҚШ доллари миқдоригача бўлган ёки ушбу эквивалентдаги бошқа хорижий валюта божхона декларациясини тўлдириш шарти билан, 5000 АҚШ доллари эквивалентдаги миқдордан юқори бўлган тақдирда ТС-28 шаклдаги гувоҳномаси берилган ҳолда олиб киришга рухсат этилади.
Резидентлар ва норезидентларнинг хоҳишига кўра нақд хорижий валютаси ТС-21 квитанцияси орқали сақлашга олинади.
резидентлар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар
норезидентлар - резидент тушунчасига жавоб бермайдиган шахслар
ТС-21 квитанциясининг биринчи (муҳрли) нусхаси нақд хорижий валюта эгасига топширилади.
Шахсни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида қалбаки нақд хорижий валюта мавжудлиги аниқланган тақдирда, ушлаб қолинади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Шахслар томонидан Ўзбекистон Республикси ҳудудига олиб кирилаётган йўл чеклари ва бошқа қимматбаҳо қоғозлари йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган ҳолда олиб кирилади.
Йўловчи божхона декларациясини Сиз сайтимизнинг бош саҳифасидан кўчириб олишингиз мумкин.

4447

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР