Orphus tizimi

Ҳалқаро ҳамкорликка оид хабарлар

26 январь – Халқаро божхоначилар куни

26 январь – Халқаро божхоначилар куни

Жаҳон божхона ташкилоти тарихига назар

Маълумки, ушбу ташкилотнинг тарихи 1947 йилдан бошланган. Дастлаб Европанинг 13 та давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга киритилди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Божхона ҳамкорлиги кенгаши (ҳозирги Жахон божхона ташкилоти)нинг 1993 йил 25 январдаги Қарорига асосан ҳар йили 26 январда Ҳалқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишоналанади.

1994 йилдан эса Кенгаш Жахон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 180 га яқин давлатлар аъзо ҳисобланади. Конвенциянинг 1952 йилдан кучга кирганини инобатга олсак, жорий йилда Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) - ЖБТ ташкил этилганига расман 64 йил тўлди.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98% улуши Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар улушига тўғри келади. ЖБТ расмий тиллари - инглиз ва француз тили, баъзи қўмиталарда испан ва рус тилидан ҳам фойдаланадилар. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакиларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи - Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 та ходимлар, жумладан 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритишади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқни муҳофваза қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узели (RILO) ни ўз ичига олади.

Жаҳон божхона ташкилоти фаолиятида соҳага доир халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар киритиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда ЖБТнинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлиги аъло даражада йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада, бугунга келиб барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти

Халқаро божхоначилар куни нафақат дунё давлатлари божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришишда божхонанинг муҳим иштирокига яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имконини беради. Мазкур санани дунёдаги 800 мингдан зиёд божхоначилар кенг нишонлайди.

Ўзбекистон ҳам 1992 йил 28 июлдан бери мазкур ташкилотга аъзо ҳисобланади. Мамлакатимиз 15 та халқаро божхона конвенциясининг аъзоси бўлиб, бугунга келиб Жаҳон божхона ташкилоти ишида фаол иштирок этяпти. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда, бу эса республика божхона сиёсати ютуқларини мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим далили деб эътироф этишни таъминлайди.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг ката ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштиришнинг ҳадли стандартлари қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Ушбу ташкилотнинг фаолияти дунё миқёсида товарларни таснифлаш, келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш, божхона қийматини баҳолаш, юкларни етказиб беришда хавфсизликни таъминлаш, халқаро савдо жараёнларини соддалаштириш, муаллифлик ҳуқуқи муҳофазаси ҳамда контрабанда ва коррупцияга қарши курашиш, ташкилотга аъзо давлатлар божхона хизматларини модернизация ва ислоҳ қилишга йўналтирилган дастурлар, тавсиялар, услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалий ёрдам беришга қаратилган. Мазкур йўналишларда ББТ билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарлари 2015 йилнинг июнь ойида Белгия пойтахти Брюсселда ташкилотнинг навбатдаги сессиясида иштирок этишди.

Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар: божхона соҳасида ҳамкорлик

Давлат божхона қўмитасининг халқаро божхона ҳамкорлиги фақатгина Жаҳон божхона ташкилоти билан кифояланмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда.

Жумладан, 2015 йил 15 декабрь куни Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари томонидан 2016-2021 йилларда божхона хизматлари ўртасида ҳамкорлик дастурини имзоланди.


Давлатларо ҳамкорлик

Хорижий давлатлар божхона хизматлари билан халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатлиликка асосланган икки томонлама алоқаларни ривожлантириш устувор ҳисобланади.

Бу борада 111 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган, шундан 28 таси ҳукуматлараро ва 83 таси хорижий идоралараро шартномалардир.

Бугунги кунда, бошқа давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш борасидаги ишлар фаоллашган. Бир қатор чет эл божхона органлари билан олдиндан ўзаро маълумотлар алмашинуви тартиби йўлга қўйилганлиги амалиётда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Чунончи, божхона чегаралари орқали ҳаракатланган товар ва транспорт воситалари тўғрисида олинган электрон ахборотларни таққослаш орқали маълумотлар ҳаққонийлиги таъминланмоқда. Бу борада Хитой, Россия, Беларус, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон божхона хизматлари билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланган. 2015 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди.

Бундан ташқари, божхона ходимларининг хорижий мамлакатларда ўтказилаётган ўқув курслари, семинарлар ва бошқа анжуманларда мунтазам иштирок этиши, шахсий таркибнинг касбий маҳорати ва кадрлар салоҳиятини оширишга ёрдам бермоқда. Бунда фаолиятга илғор ахборот технологияларини самарали татбиқ этган чет эл божхона хизматлари тажрибаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йил сарҳисоби

Республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида, божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот - коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашишни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Халқаро касб байрами арафасида республикамиз божхона хизмати анъанага кўра ўтган йилдаги ўз иши якунларини сарҳисоб қилишади. 2015 йил божхона соҳасида ниҳоятда самарали йил бўлди.

- Хусусан, Президентимиз томонидан “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 15 майдаги ПФ–4725-сон Фармонининг қабул қилиниши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона соҳасида ҳам бир қатор қулайликлар ва енгилликларни тақдим қилди.

- Божхона ишининг ягона қонунчилик базасини халқаро стандартларга мос равишда шакллантириш, божхона маъмурчилигининг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасинингянги таҳрирдаги Божхона кодекси Сенатнинг йил сўнггидаги ялпми мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланди. 2016 йил 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги 307-сон қарори билан ташувчиларга, божхона брокерларига ёки бошқа манфаатдор шахсларга 2015 йил 1 декабридан бошлаб яна бир енгиллик ва имконият жорий қилинди. Юк ташувчиларга, божхона брокерларига ёки бошқа манфаатдор шахсларга 2015 йил 1 декабридан бошлаб хам мазкур карор билан автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилишни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

- Божхона органлари фаолиятини халқаро тармоқда ёритишда маълумотларнинг тезкорлиги, сифати ва даврийлигини таъминлаш, божхона соҳасига доир ахборотларни тақдим этишда самарали усулларни жорий этиш, интернет фойдаланувчилари, хусусан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун халқаро тармоқда ўзларига тегишли ахборотларни қисқа фурсатда ва қулай тарзда қўлга киритиш мақсадида 2015 йилнинг 1 августидан бошлаб, Давлат божхона қўмитаси Интернет тармоғида янги такомиллаштирилган веб-сайтини ишга туширди.

Сайт 8 та бўлимда 120 дан ортиқ саҳифаларда ахборотларни тақдим қилиб, содда навигация орқали фойдаланувчи ўзига керакли ахборотни саноқли сонияларда топиши мумкин. Бунда ахборотларнинг тури, йўналиши ва энг муҳими кимга мўлжаллангани алоҳида инобатга олинган. Сайт орқали 9 турдаги электрон хизматлар кўрсатилади ва 19 турдаги очиқ маълумотлар тақдим этилади.

- 2016 йилда божхона ходимларининг ижтимоий-маиший аҳволини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида божхона органлари ходимлари учун янги хизмат уйлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Олмалиқ”, “Янгийўл” каби бир қатор ташқи иқисодий фаолият божхона постларининг замонавий бинолари фойдаланишга топишрилди. Бу борадаги ижтимоий лойиҳалар божхона хизмати ходимларининг республикамизнинг ижтимоий хавфсизлиги ҳамда тинчлик-осойишталигини таъминлашга қаратилган фаолият самарадорлигини янада ошириши билан аҳамиятлидир.

- Ўтган 2015 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 20 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 70 млрд. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида ушлаб қолинди.

Эътироф

Бундай натижаларга асосий эътиборни божхона тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар потенциалидан унумли фойдаланиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш, божхона назоратини ва контрабандага қарши курашни кучайтириш, фаолиятга ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, товарларнинг ҳақиқий миқдори ва қийматидан келиб чиқиб божхона тўловларини ундириш эвазига эришилмоқда.

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф қилиб келинмоқда. Ўтган йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 7 нафар ходимлар, жорий йилда эса 2 нафар божхона ходимлари Президентимиз қарори асосида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.

Бу эса республикамиз божхона органларида маъсулият ва шараф билан хизмат қилаётган божхоначиларимиз фаолияти муносиб эътироф этилаётганидан далолатдир.

Ҳусен Тангриев

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори


26.01.2016 778

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР