Orphus tizimi

Ҳалқаро ҳамкорликка оид хабарлар

Ўзбекистон божхонаси: Иқтисодий хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик чорраҳасида

Ўзбекистон божхонаси: Иқтисодий хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик чорраҳасида

26 январь - Халқаро божхоначилар куни

Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти

Мустақил Ўзбекистоннинг тобора ривожланиб бораётган халқаро алоқаларининг ажралмас ва муҳим қисмини божхона соҳасидаги ҳалқаро ҳамкорлик ташкил қилади. Ўзбекистон 1992 йил 28 июлда Жаҳон божхона ташкилотининг фаол аъзосига айланди ва божхона амалиётлари билан боғлиқ 20 дан ортиқ ҳалқаро конвенцияларга бевосита ва билвосита аъзо бўлган. Айни шу жиҳатни инобатга олсак, мамлакатимизда божхона соҳасида халқаро ҳамкорликнинг илк тамал тоши қўйилганига бу йил 25 йил тўлмоқда.

Ўзбекистоннинг 1995 йилда Жаҳон божхона ташкилотининг Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда, бу эса республика божхона сиёсати ютуқларини мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим далили деб эътироф этишни таъминлайди.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг ката ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштиришнинг ҳадли стандартлари қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Ушбу ташкилотнинг фаолияти дунё миқёсида товарларни таснифлаш, келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш, божхона қийматини баҳолаш, юкларни етказиб беришда хавфсизликни таъминлаш, халқаро савдо жараёнларини соддалаштириш, муаллифлик ҳуқуқи муҳофазаси ҳамда контрабанда ва коррупцияга қарши курашиш, ташкилотга аъзо давлатлар божхона хизматларини модернизация ва ислоҳ қилишга йўналтирилган дастурлар, тавсиялар, услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалий ёрдам беришга қаратилган.

Мазкур йўналишларда ЖБТ билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2016 йилнинг июнь ойида Белгия пойтахти Брюсселда ўтказилган Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарларининг навбатдаги сессиясида ҳам мамлакатимиз делегацияси фаол иштирок этиб қайтди.

int)wco93.gif

Жаҳон божхона ташкилоти тарихига назар

Жаҳон божхона ташкилотининг тарихи 1947 йилдан бошланган. Дастлаб Европанинг 13 та давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга киритилди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Шу тариқа 1983 йилда илк бора Божхона ҳамкорлиги кенгашининг (ҳозирги Жахон божхона ташкилоти) 30 йиллиги муносабати билан 26 январь -Ҳалқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишоналанди.

1994 йилдан эса Кенгаш Жахон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 180 га яқин давлатлар аъзо ҳисобланади. Конвенциянинг 1952 йилдан кучга кирганини инобатга олсак, жорий йилда Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) ташкил этилганига расман 65 йил тўлди.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98% улуши Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар улушига тўғри келади. ЖБТ расмий тиллари - инглиз ва француз тили, баъзи қўмиталарда испан ва рус тилидан ҳам фойдаланадилар. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакиларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи - Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 та ходимлар, жумладан 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритишади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқни муҳофваза қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узели (RILO) ни ўз ичига олади.

Жаҳон божхона ташкилоти фаолиятида соҳага доир халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар киритиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда ЖБТнинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлиги аъло даражада йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада, бугунга келиб барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар: божхона соҳасида ҳамкорлик

Давлат божхона қўмитасининг халқаро божхона ҳамкорлиги фақатгина Жаҳон божхона ташкилоти билан кифояланмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда.

Давлатларо ҳамкорлик

Хорижий давлатлар божхона хизматлари билан халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатлиликка асосланган икки томонлама алоқаларни ривожлантириш устувор ҳисобланади. Бу борада 120дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган, шундан 32 таси ҳукуматлараро ва 91 таси хорижий идоралараро шартномалардир.

Бугунги кунда, бошқа давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш борасидаги ишлар фаоллашган. Бир қатор чет эл божхона органлари билан олдиндан ўзаро маълумотлар алмашинуви тартиби йўлга қўйилганлиги амалиётда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Чунончи, божхона чегаралари орқали ҳаракатланган товар ва транспорт воситалари тўғрисида олинган электрон ахборотларни таққослаш орқали маълумотлар ҳаққонийлиги таъминланмоқда. Бу борада Хитой, Россия, Беларус, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон божхона хизматлари билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланган. 2016 йилда Россия, Тожикистон ва Қозоғистон божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди.

Бундан ташқари, божхона ходимларининг хорижий мамлакатларда ўтказилаётган ўқув курслари, семинарлар ва бошқа анжуманларда мунтазам иштирок этиши, шахсий таркибнинг касбий маҳорати ва кадрлар салоҳиятини оширишга ёрдам бермоқда. Бунда фаолиятга илғор ахборот технологияларини самарали татбиқ этган чет эл божхона хизматлари тажрибаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

IMG_7546.JPG

Йил сарҳисоби

Республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида, божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот - коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашишни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Халқаро касб байрами арафасида республикамиз божхона хизмати анъанага кўра ўтган йилдаги ўз иши якунларини сарҳисоб қилишади. 2016 йил божхона соҳасида ниҳоятда самарали йил бўлди.

- Хусусан, божхона ишининг ягона қонунчилик базасини халқаро стандартларга мос равишда шакллантириш, божхона маъмурчилигининг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси 2016 йилнинг 22 апрелидан бошлаб кучга кирди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармонининг қабул қилиниши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона соҳасида ҳам бир қатор қулайликлар ва енгилликларни тақдим қилди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларнинг экспорти бўйича тузилган экспорт шартномалари божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби 2017 йилнинг 1 январидан бекор қилинди.

Фармон билан тасдикланган Дастурга мувофиқ товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди.

Мазкур Дастур билан божхона органларига юклатилган товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини берадиган «Ягона дарча» идоралараро ахборот тизимини тўлиқ жорий қилиш ишлари эса якуний босқичга етиб келди ва яқин кунларда тизимнинг тақдимоти бўлиб ўтади.

- Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида тадбиркорларга 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона тўловлари бўйича 13,3 трлн. сўм миқдорида имтиёзлар берилди.

Тақдим этилган имтиёзлар асосан мамлакатимизда ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадларида, маҳаллийлаштириш дастури доирасида, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар ижроси бўйича четдан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом-ашёлар ва материалларга қўлланилган.

- 2016 йилда ҳам божхона бошқармалари, комплекс ва постларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг “Хўжайли” ўтказиш пунктларини кенгайтирилди ва қайта қурилди, Самарқанд вилоятининг 6 қаватли янги маъмурий биноси буёнд этилди, “Ғишткўприк” божхона комплексининг маъмурий биноси таъмирланди ҳамда мобил сканер қурилмаси ва автотарози учун майдон барпо этилди.

- 2016 йилда божхона ходимларининг ижтимоий-маиший аҳволини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ва “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан божхона органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ божхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига Сергели туманида қуриб битказилган 40 хонадондан иборат замонавий барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган 2 та янги хизмат уйларининг калитларини тантанали равишда топшириш тадбири бўлиб ўтди.

- Ўтган 2016 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 19 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 68 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида ушлаб қолинди.

Эътироф

Бундай натижаларга асосий эътиборни божхона тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар потенциалидан унумли фойдаланиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш, божхона назоратини ва контрабандага қарши курашни кучайтириш, фаолиятга ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, товарларнинг ҳақиқий миқдори ва қийматидан келиб чиқиб божхона тўловларини ундириш эвазига эришилмоқда.

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф қилиб келинмоқда. Ўтган йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 7 нафар ходимлар, жорий йилда эса 2 нафар божхона ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.

Тизимда ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 200 нафардан ортиқ ходимлар эса “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдлик нишонлари билан мукофотланди.

Бу эса республикамиз божхона органларида маъсулият ва шараф билан хизмат қилаётган божхоначиларимиз фаолияти муносиб эътироф этилаётганидан далолатдир.

Ҳусен ТАНГРИЕВ

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори


24.01.2017 261

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР