Orphus tizimi

Ҳалқаро ҳамкорликка оид хабарлар

Қўшкўпирда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Қўшкўпирда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида туман прокуратураси, вилоят адлия ва солиқ бошқармалари билан ҳамкорликда жойларда тадбиркорлар билан ўтказилиши кўзда тутилган учрашувлар доирасида “Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимояси, тадбиркорларга яратилаётган янги имкониятлар” мавзусида семинар йиғилиш ташкил этилди.

Учрашувда Қўшкўпир туманида фаолият кўрсатувчи ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, хусусий тадбиркорлар, тегишли идора, ташкилот раҳбарлари, маҳалла фаоллари хамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада яхшилаш, улар учун янада қулай шароитлар яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни ва турли хил ғовларни бартараф этишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбир давомида бугунги кунда мамлактимизда товарлар экспорти юзасидан тадбиркорларга бир қатор қулайликлар яратилаётганлигини таъкидланиб, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспортни янада рағбатлантириш ва ташқи бозорларда маҳаллий товарлар рақобатбардошлигини таьминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5057-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш ва экспортёр ташкилотларни янада қўллаб қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3077-сонли қарорлари мазмун ва моҳияти семинар иштирокчиларига тушунтирилди.

Хусусан, тадбиркорларга 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб, ўзлари ишлаб чиқарган товарларни экспорт қилиш чет эл валютасида олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномаларини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга оширишга рухсат берилди. Ушбу қулайликлардан фойдаланган ҳолда товарларни экспорт қилишда тадбиркорлар тузилган экспорт миқдори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги, товарлар экспорт қилинган кундан бошлаб 90 кун ичида мажбурий валюта тушумининг келиб тушиши таъминланиши ҳамда тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган товарларнинг кейинги экспорти аввалги дебиторлик қарзи бўлмаслиги каби шартларга риоя қилишлари лозим бўлади. Янги мева- сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экинларидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-1871-сонли Фармонининг 2-иловасида кўрсатилган хом ашё товарлари бундан мустасно.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш ва экспортёр ташкилотларни янада қўллаб қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3077-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар етакчи мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Хоразм вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

06.07.2017 141

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР