Orphus tizimi

Ҳалқаро ҳамкорликка оид хабарлар

26 январь – Халқаро божхоначилар куни!

26 январь – Халқаро божхоначилар куни!

Жаҳон божхона ташкилоти тарихига назар


Бу йилги 26 январь “Халқаро божхоначилар куни” Жаҳон божхона ташкилоти томонидан “Божхона сарҳадлари бошқарувини мувофиқлаштириш – манфаатдор томонларни бирлаштириш учун инклюзив ёндашув!” шиори остида нишонланмоқда.

Маълумки, ушбу ташкилотнинг тарихи 1947 йилдан бошланган. Дастлаб Европанинг 13 та давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга киритилди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Божхона ҳамкорлиги кенгаши (ҳозирги Жахон божхона ташкилоти)нинг 1993 йил 25 январдаги Қарорига асосан ҳар йили 26 январда Ҳалқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишоналанади.

1994 йилдан эса Кенгаш Жахон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 179 га яқин давлатлар аъзо ҳисобланади. Конвенциянинг 1952 йилдан кучга кирганини инобатга олсак, жорий йилда Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) - ЖБТ ташкил этилганига расман 63 йил тўлди.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98% улуши Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар улушига тўғри келади. ЖБТ расмий тиллари - инглиз ва француз тили, баъзи қўмиталарда испан ва рус тилидан ҳам фойдаланадилар. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакиларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи - Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 та ходимлар, жумладан 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритишади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқни муҳофваза қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узели (RILO) ни ўз ичига олади.

Жаҳон божхона ташкилоти фаолиятида соҳага доир халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар киритиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда ЖБТнинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлиги аъло даражада йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада, бугунга келиб барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.


Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти


Халқаро божхоначилар куни нафақат дунё давлатлари божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришишда божхонанинг муҳим иштирокига яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имконини беради. Мазкур санани дунёдаги 800 мингдан зиёд божхоначилар кенг нишонлайди. 

Ўзбекистон ҳам 1992 йил 28 июлдан бери мазкур ташкилотга аъзо ҳисобланади. Мамлакатимиз 15 та халқаро божхона конвенциясининг аъзоси бўлиб, бугунга келиб Жаҳон божхона ташкилоти ишида фаол иштирок этяпти. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда, бу эса республика божхона сиёсати ютуқларини мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим далили деб эътироф этишни таъминлайди.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг ката ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштиришнинг ҳадли стандартлари қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Ҳалқаро ҳамкорлик борасида Ўзбекистон божхонаси учун ўтган 2014 йил самарали бўлди дейиш учун барча асослар мавжуд.

Жумладан, Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарлари шу йилнинг июнь ойида Белгия пойтахти Брюсселда ташкилотнинг навбатдаги сессиясида иштирок этишди.

Кенгашнинг бу йилги йигилишида Жаҳон савдо ташкилоти билан савдо жараёнларини янада осонлаштириш бўйича Келишуви, ёввойи хайвонларнинг ноқонуний савдоси юзасидан божхона ҳамкорлиги каби масалалар мухокама килинди. Сессияда Ўзбекистон томонидан Давлат божхона қўмитаси Раиси З.Дусанов иштирок этди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси таклифига биноан Жаҳон божхона ташкилотининг нуфузли экспертлари Тошкентга ташриф буюришди ва Давлат божхона қўмитаси томонидан Олий ҳарбий божхона институтида “Хавфни бошқариш” мавзусида ташкил этилган семинарларда иштирок этишди.

Давлат божхона қўмитасининг бир қатор ходимлари Бельгия, Озарбайжон ва Қозоғистонда хизмат сафарларида бўлиб, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ташкил этилган турли ўқув-амалий тадбирларда фаол қатнашишди.


Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар: божхона соҳасида ҳамкорлик


Давлат божхона қўмитасининг халқаро божхона ҳамкорлиги фақатгина Жаҳон божхона ташкилоти билан кифояланмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда.

Жумладан, 2014 йил апрель ойида Алмати шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг божхона ҳамкорлиги бўйича Ишчи гуруҳининг 21- мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва ташкилот котибияти вакиллари иштирок этишди.

Йиғилиш иштирокчилари ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида Хавфни бошқариш тизимини қўллаш ва ривожлантириш бўйича Меморандум, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви бўйича Протоколни имзолашди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Меморандум доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлар тингланди ва аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, мазкур йўналишда маълумотлар алмашинувининг аниқ тартиблари ишлаб чиқилди.

Божхона соҳасидаги ҳалқаро ҳамкорликнинг узвий бўлагини кинология хизмати ташкил қилади. Ўтган йилнинг октябрида Давлат божхона қўмитаси кинологлари Алмати шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг кинологик тузилмалари ўртасида тўртинчи бор ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этишди. Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Федерацияси вакиллари иштирокида гиёҳванд моддаларни излаш йўналишида ўтказилган мусобақа натижаларига кўра Ўзбекистонлик кинологлар фахрли 3-ўринни қўлга киритишди.


Ахборот технологиялари – божхона хизматига!


Ҳозирги кунда давлат божхона хизмати органлари томонидан республика божхона органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган дастур ижросини таъминлаш мақсадида йирик халқаро ташкилотларнинг ва ривожланган давлатларнинг грант маблағлари ва техник кўмагини жалб этишга оид қатор ишлар амалга оширилмоқда. Натижада республикамизнинг бир қатор чегара божхона постлари замонавий катта ҳажмдаги темир йўл ва мобил сканер қурилмалари билан жиҳозланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хитой Халқ Республикаси томонидан чегарага туташ божхона постларини ёритиш учун тақдим этилган беғараз ёрдамдан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 14 январдаги ПҚ-2110 Қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг бир қатор божхона постлари катта ҳажмдаги юк автотранспорт воситалари ва темир йўл вагонларини сканер қилувчи назорат-кўрик мажмуалари билан таъминланди.

Чегара божхона постларига ўрнатилган мазкур сканер қурилмалари юртимиз сарҳадлари орқали ўтаётган катта ҳажмдаги юк авто транспорт воситаларини ҳамда темир йўл вагонлари составини бир неча сония ичида тўлиқ сканердан ўтказиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Қолаверса ҳозирги кунда барча давлатларга хавф солаётган гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айлануви, контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши курашишда самарали ёрдам беради. Мазкур техник назорат воситалари божхона назоратини енгиллаштириш ва тезлаштириш орқали ташқи иқтисодий фаолият субъектларига ҳам ўз ўрнида қулайликлар яратади.

Мазкур назорат-техник воситаларини қўллаш, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш божхона органлари ходимларидан махсус билим ва малака талаб этади. Шу мақсадда, бир қатор хамкасбларимиз хорижий давлатларда махсус тайёргарлик курсларида қатнашиб, ўз тажрибаларини орттириб қайтишди.

Бундан ташқари Корея Республикаси ҳукумати грантларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда “Ягона дарча” тизимини жорий этиш орқали, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга қаратилган лойиҳа устида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Мазкур “Ягона дарча” лойиҳаси устида кореялик экспертлар ва Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида учрашув ва муҳокамалар ўтказилди. Айни пайтда мазкур лойиҳанинг ахборт тизимини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.


Йил сарҳисоби


Халқаро касб байрами арафасида республикамиз божхона хизмати анъанага кўра ўтган йилдаги ўз иши якунларини сарҳисоб қилишади. 2014 йил божхона соҳасида ниҳоятда самарали йил бўлди.

Масалан, 2014 йил 1 майдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Интернет тармоғида янги такомиллаштирилган веб-сайтини ишга туширди. Аввалги версиялардан фарқли ўлароқ, янги сайтда ахборотлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва жисмоний шахслар учун алоҳида тарзда тақдим қилиб келинмоқда. Сайт орқали кўрсатиладиган 20 га яқин барча интерактив хизматлар ягона “Интерактив хизматлар” бўлимига бириктирилди.

Бундан ташқари божхона чегаралари кесиб ўтаётган жисмоний шахслар тўлдириши лозим бўлган йўловчи божхона декларацияларини айнан сайт орқали тўлдириб, хато ва камчиликларни тузатган ҳолда чоп этиб, чегара-божхона постига тақдим этиш имконияти жорий қилинди

Божхона ишининг ягона қонунчилик базасини халқаро стандартларга мос равишда шакллантириш, божхона маъмурчилигининг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 3 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича” 219-сонли фармойишига мувофиқ ўтган йилда янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнлари янада жадаллашди.

Ўз моҳиятига кўра ушбу қонун лойиҳаси амалдаги Божхона кодексидан тубдан фарқ қилади. Унда бошқаришнинг иқтисодий усуллари устун туради. Лойиҳанинг ижобий томонларидан бири шундаки, у товарни олиб кириш ва олиб чиқишдан бошлаб, унинг тақдирини белгилашга қадар бутун экспорт-импорт занжирини тартибга солишни назарда тутади. Амалдаги Божхона кодекси эса ушбу масалаларни бундай комплекс равишда қамраб олмаган эди.

2014 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 23 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати салкам 155 млрд. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида ушлаб қолинди. Шунингдек, ўтган йилда давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 2013 йилга нисбатан 25,6 %га кўпайишига эришилди.


Эътироф


Бундай натижаларга асосий эътиборни божхона тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар потенциалидан унумли фойдаланиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш, божхона назоратини ва контрабандага қарши курашни кучайтириш, фаолиятга ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, товарларнинг ҳақиқий миқдори ва қийматидан келиб чиқиб божхона тўловларини ундириш эвазига эришилмоқда.

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф қилиб келинмоқда. Ўтган йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 7 нафар ходимлар, жорий йилда эса 2 нафар божхона ходимлари Президентимиз қарори асосида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.

Бу эса республикамиз божхона органларида маъсулият ва шараф билан хизмат қилаётган божхоначиларимиз фаолияти муносиб эътироф этилаётганидан далолатдир.

Ҳусен Тангриев 
«Тошкент-АЭРО» ИБК  
Ахборот хизмати катта инспектори


26.01.2015 937

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР