Orphus tizimi

Тадбирлар

“Яшил” йўлакдан юриб вақтингизни тежанг!

“Яшил” йўлакдан юриб вақтингизни тежанг!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси доирасида Урганч халқаро аэропортида ҳам 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси берган маълумотларга кўра, жорий йил бошидан шу кунга қадар Урганч халқаро аэропортида 57 авиарейс орқали 15 минг 800 дан ортиқ йўловчи ҳаракатланган. Шундан 15 минг 393 нафар, яъни 97 фоиздан ортиқ йўловчи “яшил” йўлак орқали ўтган. 

– “Москва-Урганч” йўналишида Россия Федерациясидан келдим, – дейди урганчлик фуқаро Г.Ниёзқулиева. – Урганч халқаро аэропортида “яшил” ва “қизил” йўлакли тизимлар ташкил этилганини кўриб, очиғи, жуда хурсанд бўлиб кетдим. Бу қулайлик орқали божхона назоратидан тез ўтиб олдим. Асаббузарлик ҳам бўлмади. Олдинлари ҳам мамлакатимиз ҳаво транспорти хизматидан фойдаланганман. Божхона назоратидан ўтишда анча вақт ушланиб қолардик. Энди юкимиздаги товар ва валюталарни оғзаки равишда айтиб, «яшил» йўлакдан ўтиб олдим. Бу менга жуда маъқул бўлди. 

«Яшил» йўлакдан жисмоний шахслар нотижорат мақсадлардаги юкларини божхона чегарасидан ёзма равишда декларация тўлдирмасдан олиб ўтиши мумкин. Яъни, жисмоний шасхнинг “яшил” йўлакдан ўтиши божхона мақсадлари учун божхона органига мазкур шахснинг ёзма декларацияланадиган товар ва белгиланган меъёрдан ортиқ нақд валютаси йўқлигини маълум қилиш сифатида қаралади. Бу эса жисмоний шахсни божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этмайди. 

Мухтасар айтганда, юртимиз ҳаво дарвозалари бўйлаб жорий қилинган ушбу қулайлик фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу мамлакатимизда туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратади. 

Ахмаджон Шокиров, ЎзА

13.02.2018 272

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР