Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Кадрлар ва ишга қабул қилиш соҳасида савол-жавоблар
3894
Кадрлар ва ишга қабул қилиш соҳасида савол-жавоблар

Ҳозир ёшим 30 да. Номзодларга қўйиладиган талабларга кўра “30 ёшдан ошмаган” деган жумла мавжуд. Мени божхона органларига киришга ҳужжат топширишга ҳаққим борми? Бунинг учун нима қилишим зарур.

Божхона органларига хизматга 18 ёшга тўлган, лекин 30 ёшдан ошмаган, миллати, жинси, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва хизмат мавқеидан, диний эътиқодидан қатъи назар, ўзининг шахсий, ишчанлик ва аҳлоқий сифатлари, маълумоти даражаси ва саломатлигига кўра божхона органларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кўнгиллилик асосида қабул қилинади.

Божхона органлари ўрта ва катта бошлиқлари таркиби лавозимларига маъмурий-хўжалик, ишлаб чиқариш, режа-иқтисодиёт, муҳандислик-техника ва тиббиёт бўлинмаларига 35 ёшгача бўлган, шунингдек истисно ҳолларда 45 ёшгача бўлган мутахассислар қабул қилиниши мумкин.

Сизда божхона органларига кириш истаги бўлса ўзингиз доимий рўйхатда турган вилоят ҳудудида жойлашган божхона бошқармасининг Кадрлар бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин.

 Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга кириш учун қандай ҳужжатлар топшириш лозим?

ариза (билдирги);

паспорт нусхаси;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси. Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилия, исм, ота исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси нусхаси;

яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномаси, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси ва ногиронлик гувоҳномаси нусхалари;

олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (асли ва нусхаси);

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета;

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (яшаш жойидан берилган маълумотномада номзоднинг оила аъзолари кўрсатилади);

маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар) ҳужжатлар (асли ва нусхаси) ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;

чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;

меҳнат дафтарчаси (асли ва нусхаси), агар мавжуд бўлса;

ота-онасининг Институтга ўқишга киришига розилик хати.

Номзоддан айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш учун қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиниши ёки тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.

Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга киришда абитуриентларни танлаб олиш учун қандай текширув ва синовлардан ўтказилади?

Дастлабки танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

- Абитурентининг ҳужжатларни тўпланади ва ўрганилади;

- Абитурент индивидуал-психологик тестдан ўтказилади;

Психофизиологик ўрганиш белгиланган методикага мувофиқ қабул комиссияси таркибидаги психофизиологик ўрганиш бўйича кичик комиссия мутахассислари томонидан ўтказилади.

- Абитурентдан ёзма иш (диктант) олинади;

Ёзма иш абитурентга диктант ёздириш орқали Институт қабул комиссияси таркибидаги ёзма иш (диктант) ўтказиш бўйича кичик комиссия томонидан ўтказилади. Бунда ёзма иш (диктант) ўтказиш бўйича кичик комиссия таркибига касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ёки олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари келишув асосида жалб қилинади.

- Абитурент умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш учун жисмоний машқ синовидан ўтказилади;

- Абитурент тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг олий ҳарбий таълим муассасасида ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида хулоса чиқарилади.

- Абитурент билан якка тартибда дунёқараши ва билим савияси бўйича суҳбат ўтказилади;

Якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари бўйича номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади.

Ҳарбий хизматни ўтамаган фуқаролар божхона хизмати органларига ишга қабул қилинадими?

Божхона органларига муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақириқ резервида ёҳуд олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган эркаклар қабул қилинадилар. Аёл номзодлардан бундай мажбурият талаб этилмайди.

Божхона органлари ходимларига қандай махсус унвонлар берилади?

Божхона органларининг мансабдор шахсларига улар эгаллаб турган лавозимларга ҳамда неча йил ишлаганликларига қараб, қуйидаги махсус унвонлар берилади:

кичик таркиб — божхона хизматининг кичик сержанти, божхона хизматининг сержанти, божхона хизматининг катта сержанти;

ўрта бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг лейтенанти, божхона хизматининг катта лейтенанти, божхона хизматининг капитани;

катта бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг майори, божхона хизматининг подполковниги, божхона хизматининг полковниги;

олий бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг генерал-майори, божхона хизматининг генерал-лейтенанти, божхона хизматининг генерал-полковниги.

Махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

3.04.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг