Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона текширувлари ва суриштирув соҳасига оид савол-жавоблар
2896
Савол-жавоблар ДБҚнинг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан тақдим қилинган.

Шахс неча ёшдан бошлаб маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин?
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда 16 ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 13-моддаси).

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни божхона ходимлари ушлаб туриши мумкинми?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 287-моддасига асосан божхона органлари, ушбу кодекснинг 1842, 1843, 198, 227, 2271 - 22727-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш  ваколатига эга.

Маъмурий ишда адвокат иштирок этиши мумкинми?
МЖтКнинг 297-моддасига асосан, Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда шу ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни ушлаб туриш пайтидан бошлаб адвокат қатнашиши мумкин. 

Божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилган ва ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган товарларни баҳолашда уларнинг қиймати нимага асосланиб аниқланади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бандига асосан,  мол-мулкни баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолаш кунида амал қилган нархлар бўйича ички бозорда талаб ва таклиф конъюнктурасининг мавжуд маълумотлари асосида амалга оширилади. 

Маъмурий жазо қўлланиш муддатлари қандай?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига асосан, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида, агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтмаган бўлса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Ушбу муддатлар ашёларни божхона муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари асосида мусодара қилиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Божхона органлари маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан олинган товарларни мусодара қилиш ваколатига эгами?
Божхона органлари маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан олиб қўйилган товарларни мусодара қилиш ваколатига эга эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига асосан товарларни мусодара қилиш чораси фақатгина туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси томонидан қўлланилади. Божхона органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан олиб қўйилган товарларни қонуний ҳал этишлик учун судларга ҳавола этилади.

Божхона органи томонидан қўлланилган маъмурий жарима ҳуқуқбузар томонидан неча кунда тўланиши лозим?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 332-моддаси 1-қисми талабларига кўра, маъмурий жарима ҳуқуқбузар томонидан унга жарима солиш тўгрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланиши лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят қайси муддатда берилиши мумкин?
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхасини олган кундан бошлаб ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин. 

Қандай шахслар божхона тўғрисидаги қонунбузарлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин?
Жиноят содир этгунга қадар 16 ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Жиноят кодексининг 182-моддасида қайд этилган кўп миқдор ёки жуда кўп миқдорларга тушунтириш беринг.
Жиноят кодексининг 8-бўлимида, атамаларнинг ҳуқуқий маънолари ёритилган бўлиб, унга кўра:
Кўп миқдор - энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдор;
Жуда кўп миқдор - энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдорни ташкил этади. 

3.04.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг