Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Товарлар экспорти ва божхона расмийлаштируви йўналишида тадбиркорлик субъектлари томонидан бериладиган асосий турдаги саволлар
611
Товарлар экспорти ва божхона расмийлаштируви йўналишида тадбиркорлик субъектлари томонидан бериладиган асосий турдаги саволлар

Савол: Тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги 197-сон қарорига асосан “Экспорт” божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- Контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно.

- Божхона юк декларацияси, йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ва электрон тижорат орқали уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно.

- Транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда давлат божхона хизмати органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадир.

 

Савол: Товарларни “Экспорт” божхона режимига расмийлаштиришда қанча миқдорда божхона йиғими ундирилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 апрелдаги 204-сон қарорига асосан “Экспорт” божхона режимига товарларни расмийлаштиришда қуйидаги божхона йиғимлари ундирилади:

- Товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлиги учун божхона қийматининг0,1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;

- Товарни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказилган ҳар бир соат учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида божхона йиғими  ундирилади.

Савол: Товарларни экспорт қилишдан тушган валюта тушумининг неча фоизи давлатга мажубрий сотилиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5177-сон Фармонига асосан, 2017 йил 5 сентябрдан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди.

Савол: Бугунги кунда товарлар экспорти йўналишида қандай қулайликлар яратилмоқда?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 21 июндаги ПҚ-3077-сон қарорига мувофиқ:

– тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилди;

– ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилиши белгиланди;

– келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи садо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарорига мувофиқ:

– экспорт товарлари (консигнация товарларидан ташқари) бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни ҳисоблашнинг ягона муддати белгиланди (яъни 120 кун);

– тадбиркорлик субъектларига (янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва ушбу қарорга иловада кўрсатилган товарлардан ташқари):

  • товарлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисисиз;
  • товарларни экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига олдиндан тўлов
    100 фоиз тушгандан сўнг ва ТСОЯЭА тизимига маълумотларни киритиш шарти билан) экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот, узум, полиз  ва дуккакли маҳсулотлар, шунингдек қуритилган сабзавотлар ва мевалар маҳаллий экспорт қилувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 6 ноябрдаги ПҚ-3377-сон қарорига мувофиқ:

  • тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контракти тузмасдан қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди:
  • етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги;
  • 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш;
  • ТСОЯЭАТга экспортга етказиб бериш ҳақидаги маълумотларни киритиш.
  • мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида божхона юк декларациясини расмийлаштириш божхона кўриги далолатномаси тузулгандан сўнг 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 17 октябрдаги ПҚ-3978-сон қарорига мувофиқ:

  • юридик шахслар - мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари
    мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз;
  • тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди;
  • экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан озод этилди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчига жавобгарлик юклатилди.

 

Савол: Мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини «Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлган нархлар бўйича тузиш мумкинми?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495-сон Фармонига мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини «Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контрактини тузмасдан, «Ўзагроэкспорт» АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича инвойс асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини бекор қилинган.

 

Савол: Қандай товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши керак?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 246-моддасига мувофиқ:

  • ваколатли шахс томонидан танланган божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ва транспорт воситалари;
  • божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши керак.

 

Савол: Божхона расмийлаштируви қандай жойда ва қайси вақтда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 247-моддасига мувофиқ:

  • божхона расмийлаштируви божхона органлари жойлашган ерда ва уларнинг иш вақтида;
  • божхона расмийлаштируви декларантнинг ёки бошқа ваколатли шахснинг сўровига кўра ва унинг ҳисобидан бошқа жойларда ҳамда божхона органининг ишдан ташқари вақтида.

 

Савол: Божхона расмийлаштируви ва тақдим этилган ҳужжатларни текшириш қанча муддатда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 248-моддасига мувофиқ божхона расмийлаштируви ва тақдим этилган ҳужжатларни текшириш божхона декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган кундан эътиборан уч иш куни ичида амалга оширилади.

 

Савол: Қандай товарларнинг божхона расмийлаштируви биринчи навбатда ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 251-моддасига мувофиқ божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган, авариялар ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатларини тугатиш учун зарур бўлган товарларнинг, шунингдек инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилаётган товарларнинг, тез бузиладиган товарларнинг, тирик ҳайвонларнинг, радиоактив материалларнинг божхона расмийлаштируви биринчи навбатда ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

 

Савол: Қандай ҳолларда товар ва транспорт воситалари декларацияланиши керак?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 252-моддасига мувофиқ товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда, божхона режими ўзгартирилаётганда, шунингдек божхона Кодексида белгиланган бошқа ҳолларда товар ва транспорт воситалари декларацияланиши керак.

 

Савол: Товарларга оид божхона декларацияси қайси божхона органига тақдим этилиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 253-моддасига мувофиқ товарларга оид божхона декларацияси божхона декларациясини қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган исталган божхона органига тақдим этилиши мумкин.

 

Савол: Товар ва (ёки) транспорт воситаларини декларациялаш қандай шаклда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 254-моддасига мувофиқ декларациялаш товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги, уларнинг божхона режимлари ҳақидаги тўғри маълумотларни ҳамда божхона мақсадлари учун зарур бўлган бошқа маълумотларни оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда маълум қилиш орқали амалга оширилади.

 

Савол: Божхона декларацияси нима ва Божхона декларацияларининг шакли, уларда кўрсатиладиган маълумотларнинг рўйхати ким томонидан белгиланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 255-моддасига мувофиқ божхона назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлар кўрсатилган ҳужжат божхона декларациясидир. Божхона декларацияларининг шакли, уларда кўрсатиладиган маълумотларнинг рўйхати ДБҚ томонидан белгиланади.

 

Савол: Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётганида божхона декларацияларининг қандай турлари қўлланилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 256-моддасига мувофиқ товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётганида транспорт воситаси учун декларация, божхона юк декларацияси ва йўловчи божхона декларацияси қўлланилади.

 

Савол: Транспорт воситаси учун декларация нима ва у ким томонидан тақдим этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 257-моддасига мувофиқ транспорт воситаси, унинг йўналиши, ташилаётган товарлар, экипаж ва йўловчилар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасининг келиши ёки кетиши тўғрисидаги ҳужжат бўлиб, у ташувчи томонидан тақдим этилади.

 

Савол: Божхона юк декларацияси нима ва ким томонидан тақдим этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 258-моддасига мувофиқ божхона юк декларацияси - декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига тақдим этиладиган ва муайян божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжатдир.

 

Савол: Божхона юк декларациясини қоғозда ёзма шаклда амалга оширилиши (декларацияланиши) мумкин бўлган ҳолатлар, товарлар ва божхона тартиб-таомиллари рўйхати қайси орган томонидан белгиланади ?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 258-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

Савол: Йўловчи божхона декларацияси қандай ҳужжат?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 259-моддасига мувофиқ нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган, декларацияланадиган товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдириладиган ва божхона органига тақдим этиладиган ҳужжатдир.

 

Савол: Қандай товарлар оғзаки шаклда декларацияланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 260-моддасига мувофиқ жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошмайдиган товарлари.

 

Савол: Товарларни декларациялаш қандай усулларда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 260-моддасига мувофиқ товарларни декларациялаш оғзаки шаклда, йўловчи божхона декларациясидан  фойдаланган ҳолда, божхона юк декларациясидан фойдаланилган ҳолда ҳамда товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

 

Савол: Божхона ҳудудга олиб кирилаётган ва ундан олиб чиқилаётган товарлар учун божхона органига божхона декларациясини бериш муддати қанча?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасига мувофиқ божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар учун божхона декларацияси товар келиб тушадиган божхона органига товарлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай берилади, бундан ушбу Кодекснинг 22, 23 ва 25-бобларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Олиб чиқилаётган товарлар учун божхона декларацияси улар амалда олиб чиқиб кетилгунига қадар берилади.

Савол: Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда қўл юкида ва кузатиб бориладиган багажда товарлар олиб ўтилаётганда божхона декларациясини бериш муддати қанча?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда қўл юкида ва кузатиб бориладиган багажда божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилаётганда божхона декларацияси товарларни тақдим этиш билан бир вақтда берилади.

 

Савол: Божхона ҳудудига кириб келаётган транспорт воситалари қанча муддатда декларацияланиш лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасига мувофиқ божхона ҳудудига кириб келаётган транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтганидан сўнг уч соатдан кечиктирмай декларацияланади.

 

Савол: Қанча муддатда товарлар божхона органига тақдим этилмаса, дастлабки божхона декларацияси берилмаган деб ҳисобланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 262-моддасига мувофиқ агар дастлабки божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида унда кўрсатилган товарлар декларацияни қабул қилган божхона органига тақдим этилмаган бўлса, дастлабки божхона декларацияси берилмаган деб ҳисобланади.

 

Савол: Божхона декларацияси қачондан юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи хужжатга айланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 264-моддасига мувофиқ божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи хужжатга айланади.

 

Савол: Божхона декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва (ёки) уни қайтариб олиш қачон амалга оширилиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 265-моддасига мувофиқ божхона декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва (ёки) уни қайтариб олиш декларация қабул қилингунига қадар амалга оширилиши мумкин. Божхона декларацияси қабул қилинганидан сўнг ўзгартириш, қўшимча киритиш, қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва (ёки) бекор қилиш декларант божхона органига мурожаат этганидан кейин амалга оширилади.

 

Савол: Қанча муддат ичида расмийлаштирилган божхона декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 266-моддасига мувофиқ божхона юк декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида божхона декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш мумкин.

 

Савол: Қачон қисқа божхона юк декларацияси қўлланилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 267-моддасига мувофиқ товарлар ва транспорт воситалари муайян божхона режимига жойлаштирилгунига қадар, шу жумладан божхона назорати остида товарлар ташилаётганда қисқа божхона юк декларацияси қўлланилади.

 

Савол: Қандай товарларни расмийлаштиришда муваққат божхона юк декларациясини бериш йўли билан товарларни дастлабки тарзда декларациялашга йўл қўйилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 268-моддасига мувофиқ божхона чегараси орқали қувур транспортида ёхуд электр узатиш линиялари орқали олиб ўтилаётган товарларни расмийлаштиришда муваққат божхона юк декларациясини бериш йўли билан товарларни дастлабки тарзда декларациялашга йўл қўйилади.

 

Савол: Тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси божхона органи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг қанча муддатда декларант ёки божхона брокери етишмаган маълумотларни ва лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларациясини тақдим этиш мажбуриятини олади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 269-моддасига мувофиқ тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси божхона органи томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда декларант ёки божхона брокери етишмаган маълумотларни ва лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларациясини тақдим этиш мажбуриятини олади.

 

Савол: Қандай ҳолларда даврий божхона юк декларацияси қўлланилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 270-моддасига мувофиқ тўлиқ ишлаб чиқарилган мамлакати, физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича товар кодининг ўнта белгили даражаси бир хил бўлган товарлар айни бир шахс томонидан божхона чегараси орқали мунтазам равишда (олтмиш календарь кун ичида бир маротабадан кўп марта) олиб ўтилган тақдирда.

 

Савол: Қандай шартларга риоя этилганда товарлар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш учун асос бўлади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 271-моддасига мувофиқ қуйидаги шартларга риоя этилганда товарлар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш учун асос бўлади:

  • божхона расмийлаштируви ва товарларни текшириш вақтида қонун ҳужжатлари бузилганлиги божхона органлари томонидан аниқланмаганда.
  • божхона органига Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ товарларни чиқариб юбориш учун зарур бўлган лицензиялар, сертификатлар, бошқа давлат органларининг рухсатномалари тақдим товарларни чиқариб юбориш учун зарур бўлган лицензиялар, сертификатлар, бошқа давлат органларининг рухсатномалари тақдим этилганда, бундан шундай ҳужжатларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилганидан кейин тақдим этилиши ҳоллари мустасно.
  • танланган божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартларига декларант ёки божхона брокери томонидан (агар божхона брокери божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни шартнома асосида бажараётган бўлса) риоя этилганда ҳамда божхона тўловлари тўланганда ёхуд уларнинг тўланишини таъминлаш тақдим этилганда.

8.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг