Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ботир Давлатов
153
Ботир Давлатов

Яхшилар яшайди дилларимизда,

Умрбод тарона тилларимизда!

Бўлсин шон-шарафлар қахрамонларга,

Элсевар, фидойи қиз-ўғлонларга!

1970 йилда Шерободлик ўқитувчи Маматқул Давлатов ва Ҳайитой Қурбоновалар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Қувончи ичига сиғмаган ота-она фарзанди мард ва фидойи ўғлон бўлишини ният қилиб, чақалоққа Ботир деб исм қўйишди.

Оилада 10 нафар фарзанднинг олтинчиси бўлган Ботир зеҳни ва меҳрибонлиги билан тенгдошларидан бироз ажралиб турарди.

1988-1990 йилларда Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Ботир Ватанининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишнга аҳд қилди.

У божхона тизимидаги хизмат фаолиятини 1993 йилдан Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган ўша даврда фаолият юритган “Оқтош” божхона постида кичик инспектор лавозимида бошлаган. Орадан бир йил вақт ўтиб, Ботир ва унинг қишлоқдоши Гулбаҳор турмуш қуришади. Уларнинг бахтли оиласида қиз фарзанд дунёга келади.

Хизмат фаолиятини давом эттириши билан бир қаторда у ота-онаси, яқинларидан тез-тез хабарлашар, ука-сингилларининг кам-кўстига ёрдам бериб келар эди.

Ботир Давлатов иш фаолияти давомида вилоятимизнинг қатор божхона масканларида хизмат қилди. Аммо тақдир қисматини қаранг-ки, у айнан ўз фаолиятини бошлаган Оқтош божхона масканига 1998 йилнинг 17 февраль куни жиноятчилар томонидан уюштирилган ҳужумда вафот этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 27 августдаги Фармонига асосан Республикада миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда ҳарбий бурчини бажариш вақтида жасурлик ва матонат кўрсатганлиги учун Давлатов Ботир Маматқулович вафотидан сўнг “Жасорат” медали, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил” эсдалик нишони ҳамда “Ўзбекистон қуролли кучларига 25 йил” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Ботир Давлатовнинг хотираси Шерободликлар дилларида ўзгача из қолдирган. Шунинг учун бўлса керак, туман ҳокимияти ташаббуси билан Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига “Ботир Давлатов” номи берилган. “Ўғлим Ботиржон, - дея кўзларига ёш олиб, ўз фарзандини хотирлайди Қурбонова Ҳайитой ая, - болалигидан жуда меҳнатсевар, меҳрибон ва оқкўнгил инсон эди. У ёрдам сўраб келган муҳтож инсонлардан ҳеч қачон ёрдамини аямас эди. Хизматдан бўш вақтларида бекор юрмасди. Чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланарди. Боғдорчиликни ҳам ёқтирарди. Турли дарахт ва гулларни экиб, уларни парвариш қиларди”.

Ботир Давлатовнинг орзуси – Ўзбекистон Республикасининг буюк келажагини кўриш ва юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ишига ўз ҳиссасини қўшиш эди.

Ҳозирги кунда унинг Сабогул исмли қизи отаси каби иқтисодиёт соҳасини танлаб, Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга киришни ўз олдига мақсад қилган.

Ботир Давлатовнинг порлоқ хотираси қалбларда мангу яшайди.

1.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг