Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ғишткўприк” чегара божхона постида фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида янги бино фойдаланишга топширилди
712
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Марказий Осиё минтақасида жойлашган барча давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.
“Ғишткўприк” чегара божхона постида фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида янги бино фойдаланишга топширилди

Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш, давлатлар чегарасини кесиб ўтишда фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида яқин қўшниларимиз билан чегарада жойлашган ўтказиш пунктларида зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари Ҳукуматлари ўртасида имзоланган “Йўл харитаси” ижроси доирасида “Ғишткўприк”  чегара божхона постини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари якунига етказилиб, чегара ва божхона назорати янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

Ушбу янги бинони очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита раҳбарияти иштирок этишди.

Мазкур янги бинода фуқароларнинг чегара ва божхона назоратидан ўтишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар учун ҳам алоҳида йўлаклар мавжуд.

Шу ўринда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганлиги натижасида чегаралар орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг сони тобора ортиб бораётганлини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Хусусан, мамлакатимиз сарҳадлари орқали 2017 йилда жами 21,6 миллиондан ортиқ фуқаролар ҳаракатланган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 40,3 миллионни, яъни 2017 йилга нисбатан 2 баробардан ортиқни ташкил этди.

Шунингдек, 2017 йил давомида чегараларимиз орқали 484 мингдан ортиқ енгил ва юк автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 1 221 мингтани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга ортди.

Мамлакатимизни қўшни Қозоғистон билан боғлаб турувчи ва бугунги кунда модернизация ва реконструкция қилинган “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали фуқаролар ва транспорт воситалари сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Масалан, 2016 йилда ушбу чегара божхона пости орқали  5 миллион 153 минг нафардан ортиқ фуқаролар ҳаракатланган бўлса 2018 йилда 10 миллион 183 минг нафардан ортиқ фуқаролар ҳаракатланди.

Шунингдек, 2016 йил давомида мазкур чегара божхона пости орқали жами 2 691 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса 2018 йилда 101 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланди. Бу эса транспорт оқимини 2016 йилга нисбатан 37 баробарга ортганлигини кўрсатмоқда.

Ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши билан “Ғишткўприк” чегара божхона пости  орқали  фуқароларни ўтказиш имконияти янада ортди. Яъни, бир кунда 40 минг нафар фуқароларни ҳаракатланишлари учун имконият юзага келди. 

Мазкур янги бинода чегара ва божхона назоратидан ўтказилган фуқаролар ва юртимизгаташриф буюраётган сайёҳлар яратилган ушбу шарт-шароитлардан чексиз мамнун эканликларини изҳор этишди.

 Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

9.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг