Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция иллатига қарши бирга курашамиз
239
Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳий ҳолатини издан чиқариб юбориши мумкин бўлган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик ҳисобланади. Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланишида кўринади.
Коррупция иллатига қарши бирга курашамиз

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала. Ҳар биримиз қаерда,  қандай муаммога дуч келсак,  унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки тамагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ушбу иллатга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш давр талаби эканлигини тақoзо этмоқда. 

Бу борада, Хоразм вилояти божхона бошқармасининг тегишли бўлим, гуруҳ ва божхона пости ходимлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, шунингдек, таълим муассасалари, маҳалла фуқаро йиғинларида, чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли ўртасида ташкил этилаётган учрашувларда айнан коррупция иллатига қарши курашиш мавзусига эътибор қаратилмоқда.

Айни шу мавзуга оид учрашув, “Урганч” ташқи иқтисодий фаолияти божхона постида бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчиси М.Уразалиев ҳамда Ўз хавфсизлик гуруҳи муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили О.Қодировлар вилоятда фаолият олиб бораётган барча божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирокида профилактик йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларни ҳалол ва пок ишлашга, божхона органи номини кўрсатиб, тадбиркорлардан моддий манфаатдор бўлмасликлари ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида бошқарма аппарати ва божхона постларида коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 8 маротаба йиғилишлар ўтказилиб, ушбу йўналишга тегишли маълумотлар ва видео лавҳалар шахсий таркиб эътиборига етказилган. Шахсий таркиб орасида тамагирлик ҳамда хизмат интизоми ва қонунчиликни бузилиши каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ходимлар билан 14 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.

Шу билан бирга, ўтказилаётган учрашувларда, қонунларга риоя қиладиган ҳар бир шахс қонун ҳимоясида эканлиги алоҳида таъкидланган. Фуқаролар томонидан божхона қоидабузарликларига оид асосли хабарларни Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ишонч телефонига қўнғироқ қилиб маълумот беришлари мумкинлиги тўғрисида тушунчалар берилган.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун бунда нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлигини кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.

28.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг