Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона имтиёзларидан ноқонуний фойдаланиш фош этилди
378
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзоси ҳисобланувчи тўқимачилик саноати корхоналари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган матолар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилинган.

Ушбу имтиёзлар республикамизда кенг турдаги сифатли тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, унинг ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Аммо, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам борки, улар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган ушбу имконият ва имтиёзларни суистеъмол қилишга уринишмоқда.

Яқинда Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилган “SKY TEXTILE” МЧЖ мансабдор шахсларининг қинғир ишларига чек қўйилди. Аслида корхона бошиданоқ ноқонуний фаолиятни кўзлаб ташкил этилган десак муболаға бўлмайди.

Гап шундаки, ушбу МЧЖ мансабдор шахслари корхона уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ноқонуний йўллар билан мулкий манфаат кўриш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, гўёки жамият ҳисобида 25 дона турли русумдаги тикув дастгоҳлари мавжудлиги, ишлаб чиқариш цехида эса 31 та ишчи-ходимлар фаолият кўрсатаётганлиги, йилига 18 мингдан ортиқтурли ҳил текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганлиги ҳақидаги сохта маълумотлар кўрсатилган бизнес режани «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига тақдим этиб, уюшма аъзолигига қабул қилинган.

Корхона мансабдор шахслари ўтган 2018 йил давомида умумий қиймати 939 миллион сўмдан ортиқ ҳар хил турдаги матоларни мамлакатимизга имтиёз асосида олиб келган бўлса-да, ушбу матолардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ўрнига уларни нақд пулга сотиб юборган.

Ачинарлиси шундаки, текширув давомида сохта маълумотлар асосида иш бошлаган ушбу корхона ҳисобида ишлаб чиқариш ускуналари ҳам, ишчи ходимлари ҳам мавжуд эмаслиги ошкор бўлди.

Ушбу МЧЖ мансабдор шахсларининг  божхона имтиёзларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишлари оқибатида 1,8 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари фош этилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

2.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг