Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Карьера куни”да божхоначилар ҳам фаол иштирок этишди
490
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида бўлиб ўтган «Карьера куни» меҳнат ярмаркасида турли йирик корхона ва ташкилотлар қаторида Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам фаол иштирок қилишди.
“Карьера куни”да божхоначилар ҳам фаол иштирок этишди

Тадбирнинг очилишида жорий йилда бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларнинг интелектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ишга тақсимлаш жараёни бошланганлиги маълум қилинди.

Йиғилганларга давлат божхона хизмати органларида ходимларнинг муносиб хизмат қилишлари учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд талаблар ва афзалликлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Шундан сўнг ярмарка бевосита факультетларга кўчди. Яъни, ҳар бир факультетда жорий йилда тугаллаётган битирувчилар билан очиқ ва самимий мулоқотлар бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, олий ўқув юртини жорий йилда бакалавр йўналишида 2343 нафар ва магистратура йўналишида 276 нафар талабалар битиришади. Улар ҳақида батафсил маълумотлар акс этган буклектлар ярмарка давомида иш берувчиларга тақдим қилинди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси вакиллари битирувчиларга мутахассисликлар бўйича мавжуд эҳтиёжлар, таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтишди.

Масалан биотехнологиялар муҳандислиги йўналишида таҳсил олаётган битирувчиларни келгусида чегара-божхона постларидаги мавжуд юк автомашиналари ва темир йўл вагонларини сканер қилувчи замонавий ренгтен мажмуаларидан тўлақонли фойдаланиш, уларни бошқариш ва таъмирлаш ишларига жалб қилиш мумкин.

Электроника ва автоматика факультетида таҳсил олаётган ёшларга эса давлат божхона хизмати органлари фаолиятига жорий қилинган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Энг муҳими, ушбу тизимларнинг хорижга буюртма қилинмасдан, маҳаллий дастурчиларимиз томонидан ишлаб чиқилаётганлиги битирувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Бир сўз билан айтганда, меҳнат ярмаркаси талабаларнинг божхона соҳасига бўлган қизиқишларини янада орттирди.

Ҳусан Тангриев,
ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори

26.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг