Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ТАДБИРКОРЛАРГА БОЖХОНА СОҲАСИДАГИ ЭНГ СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР ЕТКАЗИЛДИ
1058
Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармасида тадбиркорлик субъектларини давлат хизматлари, ҳусусан божхона хизматининг сифатини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди.
ТАДБИРКОРЛАРГА БОЖХОНА СОҲАСИДАГИ ЭНГ СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР ЕТКАЗИЛДИ

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви йўналишидаги ҳамкорлик ишларини келгусида янада самарали ташкил этиш, бу борада яратилаётган қулайликларни кенг тарғиб қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ечиш, таклиф ва мулоҳазаларни ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Унда Давлат божхона қўмитасининг Раис ўринбосари М.Салиев ҳамда ДБҚнинг мутасадди вакиллари ва Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг соҳавий бўлим, пост ва гуруҳ бошлиқлари, Тошкент шаҳар прокуратураси, адлия, солиқ, савдо саноат палатаси, бошқармалари ходимлари, “Ўзстандарт” агетлиги ҳамда пойтахтимизда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида бошқарма бошлиғи Б.Дадаматов мазкур учрашувнинг долзарблиги ва аҳамиятига тўхталиш билан бирга Ватан равнақи ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган тадбиркорларимиз Президентимиз ҳамда Ҳукуматимиз томонидан доимо қўллаб-қувватланаётгани, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга бошқарма раҳбарияти томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан мунтазам равишда сайёр қабул ўтказиб келинаётганини айтиб ўтди. Ҳозирга қадар ўтказилган қабуллар давомида тадбиркорлик субъектларининг божхона ишига, қолаверса бошқа йўналишларга оид кўплаб саволлари, уларни қийнаётган муаммолари ва таклифлари ўрганиб чиқилганлиги, божхона органлари ваколати доирасида ҳал этиладиган масалаларга ижобий ечим топишга эришиб келинаётганлиги, ваколатга кирмайдиган масалалар эса тегишли вазирлик ва идораларга юборилмоқда.

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви ва инвестицияларни жалб этишда яратилаётган қулайликлар ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил маьлумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3818-сон қарорига кўра, 2018 йил 1 сентябрдан божхона расмийлаштируви тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:  

- чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;

- иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;

 - товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;

- «божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.

Бундан ташқари, кўрсатилган санага қадар ДБҚ сайтида «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилади. Унинг ёрдамида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборот ва бошқа маълумотларни реал вақт режимида олиш мумкин бўлади.  

«Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати орқали тақдим этиладиган ахборотнинг, жумладан санитар-карантин, фитосанитар ва ветеринар назорати бўйича, рухсатнома бериш хусусиятига эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши тўғрисидаги талабларнинг тўлиқ рўйхати 2 ой муддатда тасдиқланади.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2019 йил 1 январдан амалиётга киритиладиган импорт божхона божлари ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари тасдиқланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида республикамиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш ва бу борадаги ишларни фаоллаштириш мақсадида Ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ фаолиятида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этиш ва унда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида яратилган қулайликларни тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этишда божхона соҳасига тааллуқли муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш каби вазифалар белгилаб берилган.

Тадбирда хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида яратилган қулайликлар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Жумладан, “АКА Petroleum” МЧЖ ХК ўзининг Россия Федерацияси ва Туркия давлатларидаги ҳамкорларини жалб қилган ҳолда 2018 – 2019 йилларда “Тошкент-товар” ҳамда “Чуқурсой” станцияларида замонавий мультимодал транспорт-логистика марказларини барпо этиш истагини билдирибўтди.Лойиҳа қиймати 128,0 млн. АҚШ долларни ташкил этади.

Ҳозирда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида жорий йилнинг олти ойи давомида 36 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар томонидан импорт қилинган товарларга амалдаги қонунчиликка асосан 20,8 млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Ўрганиш жараёнида экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларда мавжуд муаммо ва таклифларга аниқлик киритиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича маълумотлар шакллантирилди. Унга кўра корхонанинг умумий маълумоти, маҳсулот тури, шундан экспорт ва ички бозорга чиқарилган маҳсулотлар ҳажми, импорт учун қилинадиган хом-ашё, мавжуд муаммоси, билдирилган таклифлари ва эришиладиган экспорт кўрсаткичлар истиқболлари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб, ишчи тартибда кўриб чиқилди.

Учрашув давомида иштирокчиларга тизимдаги коррупция ва тамагирлик ҳолатларига қарши курашишда жамоатчиликнинг ҳам фаол кўмаги зарурлиги, унга қарши биргаликда курашиш кераклиги, бу борада божхона, прокуратура ва солиқ органлари томонидан ҳар қандай амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилиши, куннинг исталган вақтида ушбу идораларнинг “Ишонч телефон”лари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир сўнгида божхона иши ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш бўйича давлат органлари ҳар қандай кўмак беришга, коррупция ва бошқа ҳар қандай иллатларга қарши курашишда кенг ҳамкорлик қилиш муҳимлиги, бундан ҳар бир тадбиркорлик субъекти ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Бошқарма томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш омилларига қаратилмоқда.Бу эса коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Учрашувда тадбиркорлар томонидан фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ва таклифлар очиқ-ойдин айтилди. Шу билан бирга иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

25.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг