Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда
81
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қўшни давлатлар билан барча соҳалардаги алоқалар ривожлантирилиб, ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда

Хусусан, қўшни Тожикистон Республикаси билан 2018 йил 1 мартда Самарқанд вилояти Ургут туманида халқаро мақомга эга бўлган “Жартепа” чегара божхона постининг қайта очилиши натижасида Самарқанд вилояти тадбиркорларини қардош тожик халқи билан маданий-маърифий алоқалари ҳамда товар айланмаси йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикаси ўртасида 10,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот алмашилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 11,5 миллион долларга етди. Ўтган йили қўшни давлатдан вилоятга 1 миллион 205 минг АҚШ долларилик маҳсулот импорт қилинган бўлса, самарқандлик тадбиркорлар қўшни давлатга 10 миллион 203 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилди. Булар асосан қишлоқ хўжалиги, қуритилган ва қадоқланган мевалар, саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, вилоятда Тожикистон Республикаси билан ҳамкорликда "Агро чорку" масъулияти чекланган жамият шаклидаги ихтисослашмаган улгуржи савдо ва Ургут туманида "Ҳожи Шариф Дўстлик" масъулияти чекланган жамияти фаолият юритмоқда. Йил сўнгига қадар Ургут туманида тожикистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда "Ург-Таж" қўшма корхонаси ишга туширилади. Қиймати 3 миллион долларлик лойиҳа доирасида полипропилен ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Паст Дарғом туманида жойлашган "Мараканд лед инвест" масъулияти чекланган жамияти ҳам маҳсулотлар экспортини кўпайтириш мақсадида Тожикистон билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

- Жамиятимиз 2017 йилда ташкил этилган ва асосан лед лампочкалар, кабеллар, ёритгичлар каби 30 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз, - дейди корхона ижрочи директори Фарҳод Ҳайдаров. – Республикамизнинг барча вилоятларида корхонамизнинг расмий дилерлари ишини ташкил этдик ва ҳар ойда ички бозорга 3-4 миллиард сўмлик сифатли маҳсулот чиқаряпмиз. Ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоятимиз ишбилармонлари билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги кўргазмада бўлганимизда маҳсулотларимизни намойиш этиб, ҳамкорлик борасида келишувга эришгандик. Шу келишув асосида 2019 йилнинг ўтган 5 ойида 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Йил охиригача маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини янада оширишни режалаштиряпмиз.

Бугун вилоятда экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Жартепа” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган экспортга йўналтирилган юк автомашиналари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб келинмоқда.

Бундан ташқари экспорт товарларини божхона назорат зонасидан тезда  ўтказиш учун “Жартепа” чегара божхона пости дарвозасига “Экспорт режимига расмийлаштирилган юкли автотранспорт воситалари навбатсиз ҳаракатланади”, “Экспорт йўналиши бўйича саволлар юзасидан (66) 230-42-42 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин” номли эслатма белгиси ўрнатилган.

Қўшма корхоналарнинг ташкил этилиши, янги иш ўринларини яратилиши икки мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

12.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг