Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқ билан мулоқот муаммолар ечимининг энг самарали воситасидир
129
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳар бир соҳада тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Мазкур ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига етказиш, шунингдек уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида тегишли мутасадди ташкилот вакиллари ва аҳоли иштирокида республикамизнинг барча ҳудудларида сайёр учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Халқ билан мулоқот муаммолар ечимининг  энг самарали воситасидир

Бу каби сайёр учрашувларнинг навбатдагиси Навоий вилоятида жойлашган Конимех туманининг олис Боймурод овулида бўлиб ўтди. Навоий шаҳридан 205 километр, Конимех тумани марказидан 130 километр, Қозоғистон чегарасидан эса 25 километр узоқликда жойлашган ушбу овулда 2837 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Сайёр учрашув давомида Навоий вилояти божхона бошқарма бошлиғи ўринбосари М.Баракаев сўзга чиқиб, ушбу учрашувни ташкил этишдан асосий мақсад овул аҳолиси ҳаётида мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларга ваколат доирасида ечим топиш, шу билан биргаликда бугунги кунда Боймурод овули учун ғоятда аҳамиятли бўлган мавзуларда фикр алмашишдан иборат эканлиги айтиб ўтилди.

Учрашув давомида 30 июль “Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш” куни муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларида ушбу мавзуга бағишлаб тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилаётганлиги, таъкидланиб, одам савдоси инсонлар ҳаётида нақадар оғриқли асоратларни келтириб чиқиши ҳақида фикр юритилди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили жаҳонда тахминан 3 миллионга яқин киши ушбу жиноят қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Бугунги кунда Боймурод овулидан турли мақсадларда қўшни давлатларга чиқиб кетиши мумкин бўлган фуқароларда ҳам шу каби хавф мавжудлиги айтиб ўтилиб, ушбу фуқаролар билан доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан кейин, Боймурод овулининг табиий-географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳудуд орқали қўшни давлатдан товар-моддий бойликларини қонунга хилоф равишда олиб ўтиш эҳтимоли юқорилиги айтиб ўтилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 2 та ҳолатда қиймати 3,5 млрд сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва таркибида психотроп моддалари бўлган таблеткалар ҳамда умумий қиймати 1 млрд. сўмдан ортиқ бўлган дори-дармон ва бошқа товарлар Қозоғистон Республикасидан айланма йўллар орқали “Боймурод-Нурота-Ғиждувон” йўналишида олиб ўтилаётганлиги аниқланган. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаро овул ҳудудига кириб келган бегона автотранспорт воситалари ва фуқароларга эътиборли бўлиши, шубҳали ҳолатлар бўйича профилактика инспектори ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Учрашув сўнгида овул аҳолиси томонидан берилган саволларга масъул ходимлар томонидан тушунтиришлар берилиб, божхона соҳасига оид саволлар, таклиф ва мулоҳазалар, шикоятлар бўлган тақдирда Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли, ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

1.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг