Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият!
49
Бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият!

Аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва моҳиятини етказиш, ёш авлод онгига ҳалоллик ва поклик тушунчаларини сингдириб бориш мақсадида, Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда доимий тарзда жойларга чиқилиб, тушунтириш ва тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ғузор туманида жойлашган “Ёнқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар билан “Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият” мавзуси остида давра суҳбати ташкил қилинди. Тадбирда божхона ва адлия бошқармаси масъул ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда профилактика инспекторлари иштирок этиб, ўз йўналишлари бўйича маърузалар билан чиқиш қилишди.

Бу борада божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон ва “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармонлари, “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512-сон қарори мазмун-моҳияти бўйича батафсил тушунтириб ўтилди.

– Маҳалламизда бу каби тадбирларнинг ўтказилиши, фуқароларнинг бугунги кундаги ўзгаришлар билан танишишларида, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириб боришларида катта аҳамият касб этади, – дейди, “Ёнқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Мўминов, – айниқса ёшларни зарарли иллатлардан ҳимоя қилишда самарали натижа беради десак, муболаға бўлмайди.

Тадбирда иштирок этган фуқароларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди, уларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

9.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг