Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Nukus med tex” маҳсулотлари экспортга
96
Инвестицион муҳит, адолатли рақобат тамойилларини жорий қилиш тадбиркорликни ривожлантиришда асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу йўналишда божхона имтиёзлари бўйича соҳада жорий этилаётган ўзгаришлар тадбиркорлар учун инвестицион муҳитни янада яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади.
“Nukus med tex” маҳсулотлари экспортга

Юртимизда инвестиция асосида янги корхоналар барпо этилиб, ишлаб чиқаришни ривожлантириш туфайли мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларнинг ташаббуслари доимо давлат эътиборида.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортга йўналтирилган товарларни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишда давлатимиз томонидан бир қанча ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар жорий қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига белгиланган қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловларидан 775 млрд. 760 млн. сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилган. Ушбу имтиёзларнинг асосий қисми инвестиция дастури ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича чет давлатдан олиб келинаётган асбоб-ускуналарга нисбатан қўлланилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан республикада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларга божхона соҳасидаги қабул қилинаётган сўнгги меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунтириш мақсадида жойларга чиқиб, сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.

Божхоначилар Нукус шаҳрида иш бошлаган “Nukus med tex” қўшма корхонасида бўлиб, у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишди.

Айтиб ўтиш жоизки, 4,9 миллион АҚШ долларлик инвестиция ҳисобига яқинда ишга тушган “Nukus med tex” қўшма корхонаси йилига 240 миллион дона бир марталик шприц ҳамда 160 миллион дона томчи дори системаларини ишлаб чиқариш қуввватига эга. Бундан ташқари, бу ерда жарроҳлик қўлқопларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, келажакда гемодиализ аппаратини ишлаб чиқариш бўйича Хитой халқ Республикаси билан шартномалар тузилган.

Буюк Британиянинг “Medical capital” корхонаси билан ҳамкорликда тузилган ушбу қўшма корхонада иш талаб даражасида. Корхонада 200 та иш ўрни яратилган бўлиб, ходимлар икки сменада иш олиб бормоқда.

Асосий хомашё ва ускуналар учун тижорат банкидан олинган 25 миллиард сўм миқдоридаги кредит ҳисобига иш бошлаган корхона маҳсулотлари яқин кунларда экспортга чиқарилиши мўлжалланмоқда.

Маҳсулотлар асосан Қозоғистон Репсубликаси, Россия Федерацияси ҳамда Хитой Халқ Республикасига экспорт қилиниши кутилмоқда.

Учрашувда бошқарма раҳбарияти ҳамда мутасадди ходимлар юртимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳар томонлама кўмаклашишга божхона органлари тайёр эканлигини билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 26 сентябрдаги ПФ-5837-сон Фармонига биноан  2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилгани тадбиркорларга яқиндан етказилди. Мазкур ўзгариш истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз «занжири»ни шакллантириш мақсадида қабул қилингани таъкидлади.

 

2.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг