Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликлар мавзусида давра суҳбати ўтказилди
75
Мамлакатимизда бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳсулотларимиз экспорт салоҳиятини ошириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, маҳаллий маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликлар мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Бу борада, мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда божхона ходимлари экспортёр корхона вакиллари билан доимий мулоқотда бўлишиб, ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганишмоқда. Шунингдек, тадбиркорларга ташқи иқтисодий фаолиятларини амалга оширишда яратилаётган қулайликлар ва эркинликлар бўйича амалдаги қонунчилик доирасида тушунтиришлар бериш юзасидан учрашувлар ва тадбирлар ташкил этилмоқда.

Навбатдаги ташкил этилган давра суҳбати Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида бўлиб ўтди. Унда Давлат солиқ қўмитаси Раиси ўринбосари Ф.Умаров, вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Набиев, вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Тадбирда, солиқ ва божхона соҳасидаги ўзгаришлар, тадбиркорларга яратиб берилаётган шарт шароитлар ва 1- октябрдан амалга киритилаётган тартибларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июлдаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада  тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-5755 сонли фармонига мувофиқ 2019 йил 1 октябрдан қуйидаги меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармон иловасида кўрсатилган “Барра, совутилган (музлатилганидан ташқари) қўй ёки эчки гўшти, янги ва совитилган картошка, гуруч, соя ловияси, кунгабоқар уруғи, кунжут уруғи, хушбўй ҳид ва таъм берувчи ёки ранглантирувчи қўшимчаларсиз шакар хом ашёси” товарларга 2019 йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ундирилиши жорий этилмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5388-сон Фармони 6-бандининг тўртинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган курсатилган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари — 870120, 870421, 870422, 871639) га белгиланган божхона тўловлари бўйича барча имтиёзлар 2019 йил 1 октябрдан бекор қилинмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Юк ва йуловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4230-сон карори 9-бандида кўрсатиб ўтилган товарлар (ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 870120, 870421 (рефрижераторлар), 870422, 870423 ва авиация ёқилғиси) га 2019 йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ундирилиши жорий этилмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3479-сон қарори 3-иловасида кўрсатилган Цемент ва цемент клинкери (ТИФ ТН коди - 2523), асбест (2524), ёғоч-тахта материаллари (4403, 4404, 4406, 4407) ҳамда кўмир (2701, 2702) маҳсулотларига 2019 йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ундирилиши жорий этилаётганлиги тадбир иштирокчиларига етказилди.

Давра суҳбатида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб олишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 26 сентябрдаги ПФ-5837-сон Фармонига биноан  2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилгани тадбиркорларга яқиндан етказилди. Мазкур ўзгариш истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз «занжири»ни шакллантириш мақсадида қабул қилингани таъкидлади.

Учрашув якунида, тадбиркорларга, солиқ ва божхонага оид фикр, мулоҳазалар ва саволлар пайдо бўлганда вилоят божхона бошқармасининг  76-225-02-26, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ва Давлат солиқ қўмитасининг 11-98 рақамли ишонч телефонлари эслатиб ўтилди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

4.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг