Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортни қўллаб-қувватлаш – божхоначининг асосий вазифаси
105
Бутун дунё миқёсида жадал суръатларда тарқалишга улгурган коронавирус пандемияси бизнинг давлатимизни ҳам четлаб ўтмади. Мамлакатимизда илк бор ушбу инфекция билан касалланган бемор аниқланган кундан эътиборан ушбу пандемияга қарши кураш ва унинг тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар янада қатъий чекловлар асосида давом эттирилмоқда.
Экспортни қўллаб-қувватлаш  –  божхоначининг асосий вазифаси

Хусусан, жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб давлат чегаралари орқали фуқароларнинг ҳаракатланишига чеклов қўйилгани, лекин бу каби чекловлар давлатимизнинг ташқи савдо ҳаракатларига татбиқ этилмаслиги белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, “яшил йўлак”лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди. Бу эса божхона органлари ходимларига зиммасига юклатилган вазифаларни янада масъулият ва тезкорлик билан бажариш вазифасини юклади.

Мазкур йиғилишда қайд этилган масалалар, хусусан, мамлакатимизда кузатилаётган пандемия шароитида тадбиркорлар ва ТИФ қатнашчиларига экспорт-импорт операцияларини амалга оширишларида қўмакдош бўлиш, уларни ҳуқуқий ва амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона ходимлари томонидан корхоналар фаолияти билан яқиндан танишган ҳолда, уларга божхона соҳасига оид янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти ва яратилаётган қулайликлар тўғрисида, корхона томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига олиб чиқилиши баробарида бутун мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича фаол тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимларининг шундай учрашувларидан бири Нукус шаҳрида жойлашган "GLOBAL FOOD IMPEX" масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди.

Мазкур ташкилот 3 гектарга  тенг бўлган ер майдонида замонавий иссиқхона ташкил этиб, гидропоника усулида помидор етиштиришни йўлга қўйган, шунингдек 36 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Озарбайжон Республикасидан олиб келинган “пинк” номли помидор навидан экиб,       2019 йил декабр ойидан бошлаб ҳосил олина бошланган. Бугунги кунга қадар  121,5 тонна қиймати 97 минг 838,27 долларлик помидор экспорти амалга оширилди. Бундан ташқари ички бозоримизга ҳам халқимиз дастурхони учун етказиб берилмоқда.

Учрашув давомида экспортерларга қулайлик яратиш мақсадида “Нукус”ташқи иқтисодий фаолият божхона постида кечаю-кундуз божхона расмийлаштирувини амалга ошириш йўлга қўйилганлигини ва ҳар қандай муаммоли вазиятларда божхона органлари яқиндан қонуний ёрдам беришга тайёр эканлиги тушунтирилиб, корхона вакилларини қизиқтирган саволларига пост бошлиғи Р.Авазов томонидан атрофлича жавоб берилди.  

– “Иссиқхона технологиясининг экологик муҳитга умуман салбий таъсири йўқ. Тизим автоматик тарзда компьютерда бошқарилади. Иссиқхона каркас типидаги ярим айлана метал конструкцияли, тепа, ён томонлари махсус полиэтилен плёнка билан қопланган. Қуёш иссиқлиги, ҳаво ҳарорати ва намлигини назорат қилиш ҳамда тартибга солиб туриш учун махсус мосламалар ўрнатилган.  Иссиқхонада экинларни томчилатиб суғориш технологияси асосида амалга оширилади” – дейди иссиқхона иш юритувчиси Азиз Бауенов.

Муҳтарам Президентимизнинг “Агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида олиб кириладиган иссиқхоналар ва иссиқхона қурилиш конструкцияларини божхона тўловларидан 2021 йил 1 январга қадар муддатга озод қилиш тўғрисида” 2018 йил 6 мартдаги Ф-5230-сон фармойишига мувофиқ Республиканинг барча вилоят ва унинг туманларида  замонавий иссиқхоналар бўй тиклади.

Давлатимиз томонидан экспортёрни қўллаб-қувватлаш мақсадида  ушбу иссиқхонанинг қурилишида қарийиб 9 миллиард 67 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди. 

Бу каби амалга оширилаётган ишлар негизини халқимизни коронавирус пандемияси тарқалишига қарамасдан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан йилнинг тўрт фасли давомида, узлуксиз таъминлаш ҳамда ортган қисмини дунё бозорларига экспорт қилиб, давлатимиз равнақи, элимизнинг осойишталигини таъминлаш каби эзгу ниятлар ташкил этади.

23.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг