Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органларига ишга кирмоқчи бўлсангиз, фирибгарларга алданиб қолманг!
486
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати Интернет тармоғида Фарғонада содир бўлган фирибгарларнинг божхонага ишга киритиб қўйиш эвазига пора сўрагани ҳақидаги хабарларга қуйида ўз муносабатини билдиради.

Божхона органларига алоқаси бўлмаган А. ва Б. исмли фирибгар шахслар мўмай даромад орттириш мақсадида баъзи ишонувчан юртдошларимизни чув тушириб, гўёки уларни Фарғона вилояти бошқармасига ишга олиб кираман деган ваъдалар билан улардан 4800 АҚШ долларини олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан А. ва Б.ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, божхона органлари сафини кадрлар билан жамлаш ишларини адолатли ташкил этиш, бу жараёнда шаффофликни таъминлаш мақсадида янги тизим ишлаб чиқилди.

Оммавий ахборот воситаларига эълон бериш, ўқув муассасаларида учрашувлар ўтказиш орқали божхона органларига ишга кириш истагини билдирган ҳар бир фуқарога танловдан ўтиш имконияти яратиб берилди.

Эндиликда, ишга кириш истагини билдирган ҳар бир номзод божхона органларининг тегишли хизматлар масъул ходимлари билан коллегиал тарзда комиссия суҳбатидан ўтказилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси томонидан коррупцияни олдини олиш борасида мунтазам тадбирлар ўтказилиб, божхоначи ходими номига доғ туширган, ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси давлат божхона хизмати органларига ишга кириш истагида бўлган фуқаролар, хусусан ёшларга мурожаат қилиб, мазкур масала юзасидан нотаниш кимсалар ва фирибгарларнинг таклифларига алданмай, фақат ва фақат ўзлари яшаётган ва доимий рўйхатда турган ҳудуддаги Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ва Миллий кинология марказининг кадрлар бўлимига тўғридан тўғри мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

Агар давлат божхона хизмати органларига ишга кириш ва ҳужжатлар топшириш жараёнида божхона ходимларининг ёки бошқа шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига дуч келинса, Давлат божхона қўмитаси раҳбариятини (0-371) 120-76-33 «Ишонч телефони» орқали хабардор қилиш сўралган.

Мурожаатлар анонимлиги ва қўнғироқ эгаси томонидан берилган маълумотлар сир тутилиши кафолатланади.

Шундай экан, фирибгарларнинг тузоғига тушиб, алданиб қолманг!

Огоҳ бўлинг!

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

28.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг