Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Офицерларга мандат яқин
398
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3995-сон Қарорига мувофиқ, божхона органлари кадрларини касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил қилинди.

Шунингдек, мазкур институтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган турдош таълим йўналишларини тамомлаган божхона органлари ходимлари учун иқтисодиёт ва юриспруденция йўналишларида магистратура босқичи очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3995-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриат ва магистратурасига жисмонан соғлом, маънавий етук ва интеллектуал салоҳиятга эга номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилишнинг самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитасининг божхона институти бакалавриати ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги ВМ-365-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, институт магистратурасига танлов ва ўқишга қабул қилиш тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида икки босқичда ташкил этилади:

– дастлабки танлов;

– касбий танлов.

Дастлабки танловда, Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология марказида  ҳар ўқув йили учун магистратура таълим йўналишида ўқиш истагини билдирган номзодлар рўйхати тузилади.

Номзодларнинг хизмат фаолиятлари ўрганиб чиқилиб, уларнинг магистратурада ўқишга лаёқатлилиги, шунингдек соҳа бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга қобилияти ҳудудий бошқармаларнинг Аттестация комиссияларида кўриб чиқилади. Комиссия томонидан номзод магистратурада ўқишга муносиб деб топилганда, унинг тегишли ҳужжатлари институтга тақдим этилади.

Касбий танловнинг асосий мақсади номзодларнинг интеллектуал салоҳияти, божхона соҳасидаги амалий кўникмаларини ҳамда чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини холисона баҳолашдан иборатдир.

Касбий танлов  қуйидаги шаклда олиб борилади:

– мутахассислик фанлари бўйича ёзма имтиҳон (камида 2 та фандан);

– чет тилидан имтиҳон (ёзма ва оғзаки).

Ҳозирда барча ҳудудий бошқармалардан, жумладан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасидан ҳам дастлабки танловдан ўтган божхона ходимлари касбий танловга имтиҳон топширишиб, мандатни интиқлик билан кутишмоқда, чунки олий даргоҳда олинадиган янги билим ва кўникмалар келгуси хизматдаги юксалиш учун зинапоя бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

 

29.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг