Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар – божхоначилар эътиборида
218
“Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади” – Президентимиз томонидан илгари сурилган бу ташаббус бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Юртимизда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича божхона органларида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости фаолиятига эътибор қаратсак, пост орқали 2020 йил давомида жами қиймати 1,2 млрд. долларлик 25 562 та божхона юк декларaциялари расмийлаштирилган. 

2021 йилда пост орқали экспорт ҳажмини янада оширишга катта эътибор қаратилган. “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувда 2021 йилдан божхона маъмурчилигида ўзгаришлар, соҳада янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Тадбирда сўзга чиққан божхона пости бошлиғи С.Джиянов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4938-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари бекор қилинганлиги ҳамда солиқ кодексига асосан, фақатгина тамаки, алкоголь, шакар, мобиль алоқа хизматлари ва нефть маҳсулотларига доир акциз солиқ ставкалари сақланиб қолинганлигини таъкидлаб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан пост катта инспектори У.Амонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги  700-сон қарорига тўхталиб ўтди. Эндиликда мазкур қарорга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб:

- божхона йиғимлари ставкалари қатъий белгиланиб, базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиши;

- рухсат этувчи хусусиятдаги ҳужжатларни бериш билан боғлиқ айрим турдаги божхона йиғимлари бекор қилиниши;

- товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” ва “божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимларида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкалари пасайтирилганлигини маълум қилди.

Тадбиркорларга норматив ҳужжатларнинг моҳияти тушунтирилиб ўтилгандан сўнг пост бошлиғи С.Джиянов давлатимиз томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига яратилаётган қулайликлардан самарали фойдаланиб, ҳалол тадбиркор бўлиш давр талаби эканлигини тушунтириб ўтилди.

13.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг