Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фаровон турмушимизнинг ҳуқуқий мезони
349
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Фаровон турмушимизнинг ҳуқуқий мезони

Халқимиз турмуш даражасини ошириш, давлатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш борасида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда Бош Қомусимизда белгиланган қоида ва тамойилларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Самарқанд вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов йиғилганларни байрам билан қутлар экан, Конституциямиз миллий давлатчиликни бунёд этиш, янгича бошқарувни яратиш, демократик тамойилларга таянган ҳолда сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини белгилаб бергани, унда ифодаланган ғоя ва мақсадлар жамиятимизнинг жаҳон ҳамжамияти томон юз тутишига ўзига хос замин ҳозирлагани, халқимиз манфаатининг устуворлиги, одамларимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу-нияти, ҳуқуқи, эркинлиги, маънавий-ахлоқий қадриятларини ифодалаганини эътироф этди. 

– Кейинги икки йилда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида божхона органлари тизимида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони ва “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг таркибий тузилмаларига ўзгартиришлар киритилди. Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқлади.

Шунингдек, 2018 йил 18 октябрда янги таҳрир остида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги ЎРҚ-502-сон Қонуни қабул қилинди.  

Бундан ташқари, 2018 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги   ПФ-5582-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон асосида хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимига 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил йўлак” жорий этилди ҳамда 2019 йил 1 мартдан бошлаб “яшил” ва “кўк йўлак” жорий этилиши белгилаб қўйилди.

2019 йил 1 февралдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томнидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни  назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилади.

Барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.

Давлатимиз томонидан божхона органларига қаратилган эътибор ва билдирилган ишончга биз божхоначилар хизматимиз билан муносиб жавоб беришимиз даркор.

Тадбирда Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлинмаси бошлиғи Ф.Мукумов ҳамда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бошқаруви раиси, Ҳ.Нормуродов қатнашиб, шахсий таркибни байрам билан тадриклашди.

Шундан сўнг, тадбирда байрами муносабати билан бир гуруҳ ходимларнинг интизомий жазолари рағбатлантириш тариқасида олиб ташланди ҳамда навбатдаги махсус унвонлар топширилди.

Бошқарма таркибий тузилмалари ўртасида ўтказилган мини-футбол мусобақаси ғолиб ва совриндорлари диплом, медал, кубог ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

7.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг