Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкент вилояти прокуратураси ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарлари экспортёрлар учун очиқ мулоқот ўтказдилар
576
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда учраётган тўсиқларни бартараф қилиш мақсадида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ва Тошкент вилояти прокуратураси раҳбарияти томонидан тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Тошкент вилояти прокуратураси ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарлари экспортёрлар учун очиқ мулоқот ўтказдилар

Навбатдаги учрашув Тошкент вилояти прокуратурасида бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент вилояти прокурори, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи О.Чориев сўзга чиқиб, йиғилганларга экспортга оид янги чиққан меъёрий хужжатлар хақида тушунтиришлар берди. Тушунтирилишича, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ошириш, ортиқча рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, уларга янада кенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Республика Ҳукумати томонидан маҳсулотларни, шу жумладан мева-сабзавотларни экспорт қилиш тартибига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сон Фармонига мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъий назар барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарорига мувофиқ:

– экспорт товарлари (консигнация товарларидан ташқари) бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кун этиб  белгиланди;

– тадбиркорлик субъектларига:

хомашё товарларидан ташқари товарлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисисиз экспорт қилиш;

хом-ашёлардан ташқари товарларни экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида 100 фоизлик тўловни таъминлаш шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

– импорт товарлари божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этиш, “вақтинча олиб кириш” божхона режимидаги товарларни қайта экспорт қилиш учун божхона органлари томонидан рухсатнома бериш талаблари бекор қилинди;

Йиғилиш сўнгида О.Чориев ҳозирги кунда божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга енгиллик яратиш, божхона назорати самарадорлигини ошириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва расмийлаштирув жараёнини тезлаштиришга қаратилганлигини таъкидлади.

Учрашувда тадбиркорлар томонидан фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ва таклифлар очиқ-ойдин айтилди. Шу билан бирга иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

15.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг