Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларга “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг қулайликлари ва афзалликлари етказилди
155
Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда бу йилги қабул қилинган давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида унда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қонунчилик ва амалиётни чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳамда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Тадбиркорларга “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг қулайликлари ва афзалликлари етказилди

Шу мақсадда, Хоразм вилояти божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати вакиллари ва бошқарма раҳбарияти, масъул ходимлар ҳамда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг қулайликлари ва афзалликлари тўғрисида семинар ташкил этилди.

Президентимиз Мурожаатномада мамлакатни иқтисодий ўсиши, энг аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни кўпайтириш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлаган эдилар.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини жаҳон ҳамжамияти билан самарали интеграциялашуви учун нафақат миллий қонунчиликни тизимли равишда такомиллаштириб бориш, балки халқаро шартнома ва конвенциялар талаблари асосида миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқишни тақазо этмоқда.

Мамлакатимиз саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имкониятларга эга. Айниқса, нефтгаз-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжуд.

Шу сабабли Мурожаатномада ушбу тармоқларда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кооперацияни ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилиши ҳамда истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаш, уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш, шунингдек, “божхона ҳудудида қайта ишлаш режими”да саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Семинарда маълум қилинишича, хорижий хомашё ва материалларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштириш талабларини соддалаштириш, бунда:

- товарларни қайта ишлаш бўйича операциялар рўйхатини кенгайтириш;

- қайта ишланган маҳсулотларнинг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубиятини ишлаб чиқиш;

- божхона режимига жойлаштирилган товарларга нисбатан божхона тўловлари тўланишини таъминлаш амалиётини йўлга қўйиш;

- божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат бериш механизмини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Семинарда божхона тартиб-таомилларни соддалаштириш ва соҳада амалга оширилган ишлар, божхона тўловлари бўйича қўлланилаётган имтиёзлар, товарлар экспорти ва импортида яратилган қулайликлар ҳамда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг қулайлик ва афзалликлари, шунингдек, импорт қилинаётган товарларнинг ТИФ ТНда таснифланиши бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тартиби, ушбу хизматдан фойдаланган тадбиркорга келгуси расмийлаштирув давомида ТИФ ТН коди бўйича муаммоли ҳолатлар юзага келмаслиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Бу каби семинарларни ўтказишдан мақсад – тадбиркорлар томонидан ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда мавжуд муаммоларни аниқлаш, жойида ечимини топиш, Ҳукумат даражасида ҳал этиладиган аниқ таклиф ва муаммоли масалаларни тегишли вазирлик ва идораларга етказиш ҳамда уларга яқиндан кўмак бериш дейди – Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Қосимов.

Тадбир сўнгида тадбиркорларнинг соҳа фаолиятига оид таклиф ва мулоҳазалар мавжуд бўлган тақдирда ДБҚнинг 11-08 рақамли  “ишонч телефони”га ёки бошқарманинг (62) 227-70-11 рақамли телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги, ҳар бир келиб тушган мурожаат албатта қонуний ҳал этиш чоралари кўрилиши эслатиб ўтилди.

Бундан ташқари ҳозирда Телеграмм мессенжерида ташкил этилган “Xorazm eksport-import” канали орқали ҳам юзага келган муаммоларни тезкорлик билан аниқлаб, амалий ёрдам кўрсатиш, божхона соҳасига оид барча савол ва таклифларни билдириш имконияти йўлга қўйилганлиги иштирокчилар эътиборига етказилди. 

23.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг