Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар куртка синтефони ва гиламга шимдирилган героинни фош қилишди
698
Давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳамда юртимизга олиб кирилишига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар доимий амалга оширилмоқда.
Божхоначилар куртка синтефони ва гиламга шимдирилган героинни фош қилишди

Хусусан, Сурхондарё вилояти орқали ўзининг қишки курткаларида ва   гиламчасидан фойдаланиб, гиёҳвандлик воситаларини юртимизга яширинча олиб киришга бўлган бир нечта уринишлар фош қилинди.

Вилоят божхона бошқармасининг "Айритом" чегара-божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси Н.А. божхона назоратидан ўтиш давомидаги унинг хатти-ҳаракатлари мазкур пост ва Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимларининг эътиборини торди. Қонунбузарнинг айёрлиги божхона ходимларини чалғитолмади.  Натижада, ушбу фуқаро Н.А. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида  унинг курткаси астари ички қисмига шимдирилган  “героин” гиёҳвандлик воситаси  борлиги маълум  бўлди.

Орадан бироз ўтиб, мазкур постга кириб келган қўшни давлат фуқароси М.Н.ни ҳам ўзидан олдинги шеригининг қисмати кутаётган эди. Буни қарангки, у нафақат курткасининг астари ички қисмига балки сумкасида олиб келаётган гиламчасига ҳам “героин” гиёҳвандлик моддасини шимдириб олиб ўтмоқчи бўлган экан. Божхона ходимларининг сергакликлари эса ушбу қонунбузарларнинг “инновацион” уринишларини чиппакка чиқарди.  

Экспертиза хулосасига қонунбузардан ашёвий далил сифатида олинган куртка астарида соф оғирлиги 332,6 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси ҳамда фуқаро М.Н.дан ашёвий далил сифатида олинган гиламчада 1 килограмм 177 грамм ҳамда куртка астарида соф оғирлиги 275,64 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси мавжуд эканлиги аниқланди.

Натижада, қонунбузарлар томонидан юртимизга олиб киришга уринилган жами 1 килограмм 785 граммдан ортиқроқ “героин” гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

13.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг