Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қалбаки валюталарни олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинди
659
“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан яқинда республика ҳудудига ҳаво йўллари орқали қалбаки валюталарни олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинди.
Қалбаки валюталарни олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинди

Жумладан, пойтахт аэропортида "Истамбул-Олма-ота-Тошкент" йўналиши бўйича учиб келган йўловчилардан бири божхона назоратидан яшил йўлак орқали ҳаракатланаётиб, божхона ходимларининг диққатини тортади.

Шундан сўнг, ушбу шахснинг багажи белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, багаждаги сочиқлар орасида 5000 АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюта борлиги аниқланди. Аммо, мазкур валюталарнинг ҳақиқийлиги божхона ходимларида шубҳа уйғотди. Бир қарашда ҳақиқийдек туюлган купюраларнинг барчаси қалбаки бўлиб, буни қалбаки купюраларни аниқлашга ихтисослашган валюта детектори ҳам тасдиқлади. Энг қизиғи шундаки, купюраларнинг аксариятида серия рақамлари ҳам бир хил бўлган.

Шу куни тезкор тадбир халқаро аэропорт автотураргохида ва Яшнобод туманида давом эттирилиб, мазкур қалбаки валюталарни қабул қилиб, эгасига етказиши лозим бўлган шахслар ҳам кетма-кет қўлга олинди.

Қарангки, улардан бирининг бошқарувидаги “Ласетти” маркасидаги автотранспорт воситасини кўздан кечириш давомида, олд йўловчи ўриндиғи остида яна сохта 5000 АҚШ доллари борлиги аниқланди.

Ниҳоят, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур қалбаки валюталарнинг ҳақиқий эгаси уларни қабул қилиб олаётган вақтида фош қилинди.

Ҳозирда сохта долларлар ашёвий далил сифатида олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

3.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг