Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси муносабат билдиради
800
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда чет эл товарлари ташилаётган автотранспорт воситалари учун божхона тўловлари тўланишини суғурта полислари асосида таъминлашнинг гўёки монополлашаётганига доир хабарлар тарқалмоқда.

Амалдаги тартибларга кўра, республикага кириб келаётган юкли автотранспортлар божхона тўловлари тўланишини таъминлаган ҳолда божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этилади.

Чет эл товарлари ташилаётган автотранспорт воситалари учун божхона тўловлари тўланиши банк кафолати ёки суғурта полислари асосида таъминланади. Бу банклар, суғурта ташкилотлари билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида тузилган томонлар жавобгарлигини белгиловчи шартнома асосида электрон шаклда онлайн режимида амалга оширилади.

Ҳозирда чет эл товарлари ташилаётган автотранспорт воситалари учун божхона тўловлари тўланишини суғурта полислари асосида таъминлаш электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Аммо, сўнгги вақтларда қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларида турли шахслар божхона назорати остида ташилаётган чет эл товарлари учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш фаолияти билан норасмий равишда шуғулланиб, яъни ўртакашлик қилиб келишмоқда.

Чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган ташувчилар билан ўтказилган аноним сўровномалардан маълум бўлишича, ўртакашлар чет эл товарлари ташилаётган транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш мақсадида суғурта полисларини ташувчиларга 15 АҚШ долларидан 150 АҚШ долларигача пуллаб келишмоқда.

Тўланган маблағнинг асосий қисми қўшни давлатлардаги ўртакашларда қолиб, уларнинг атиги 5 АҚШ доллари Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган суғурта агентига тўлаб берилмоқда.

Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикасида кўрсатилаётган хизмат учун маблағлар қўшни давлатларда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда, шунингдек, солиқ тушумига ҳам салбий таъсир этмоқда.

Шунингдек, суғурта ташкилотларининг тўлов қобилияти бошқа суғурта ташкилотлари полислари асосида шакллантирилиши оқибатида, божхона тўловларини сўзсиз ундириб олиш имконияти чекланади. Натижада, давлат бюджетига ўтказилиши лозим бўлган божхона тўловларини ўз вақтида ундирилишига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 345-моддасига асосан суғурта полиси билан таъминланган мажбурият тўловчи томонидан бажарилмаган тақдирда божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар суғурта полисини берган суғурталовчидан божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундириб олинади.

Аммо амалиётда айрим суғурта корхоналари томонидан берилган суғурта полиси асосида божхона тўловлари таъминланиб, суғурта ҳолати юзага келганда божхона тўловлари ундирилмай қолмоқда.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҳозирда бошқа суғурта ташкилотларининг фаолиятини чекламаган ҳолда амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ чегара божхона постларида Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига ҳам суғурта агенти сифатида фаолият кўрсатишини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Бунинг учун ҳуқуқий асослар етарли. Жумладан, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига мувофиқ божхона органлари жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
30 декабрдаги 790-сон қарори билан тасдиқланган Марказий божхона лабораторияси Уставининг 7-бандида Марказий божхона лабораторияси жисмоний ва юридик шахсларга божхона экспертизаси, сертификатлаш билан боғлиқ ҳамда бошқа пулли хизматлар кўрсатиш, шунингдек, суғурта агенти сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

 “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида суғурталовчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс суғурта агенти ҳисобланади. Айни шу жиҳатдан келиб чиқилса, Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясининг суғурта агенти сифатида фаолият юритиши учун монеликлар мавжуд эмас.

Таъкидлаш жоизки, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар ёки бошқа шахслар ўзлари истаган суғурта ташкилотлари ёки агентлари иштbрокида суғурта шартномаларини тузишлари ёки чегара божхона постларида Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси орқали амалга оширишлари мумкин.

Шунингдек, суғурта ташкилотлари ҳам мустақил ёки Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси билан шартнома тузиш орқали агент сифатида чет эл товарлари ташилаётган автотранспорт воситаларини суғурта полислари асосида божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилиш учун божхона тўловлари тўланиши таъминлаш фаолияти билан шуғулланишлари мумкин.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материалларда ҳозирда ушбу фаолият билан шуғулланувчи гўёки 10 мингга яқин суғурта агентлари борлиги маълум қилинган.

Ваҳолангки, 2021 йил ва 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида атиги 47 нафар суғурта агентлари томонидан суғурта полислари тақдим этилган бўлиб,  бу жами тақдим этилган полисларининг бор-йўғи 3,6 фоизини ташкил этмоқда. Қолган барча полислар тўғридан тўғри суғурта компаниялари ва уларнинг филиаллари томонидан расмийлаштирилган.

2022 йил 3 октябрь куни Давлат божхона қўмитасида Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда суғурта ташкилотлари вакиллари билан ўтказилган учрашувда Марказий божхона лабораториясининг суғурта агенти сифатида фаолият олиб боришига эътирозлар билдирилмади, аксинча, мазкур ташаббус қўллаб-қувватланди.

Таъкидлаш жоизки, суғурта полисларини тақдим этиш амалиёти тўлиқ электрон равишда амалга оширилиши муносабати билан чегара-божхона постларида Марказий божхона лабораторияси ходимларининг фаолият олиб боришига зарурат мавжуд эмас ва қўшимча штат бирликлари ташкил этилмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

Айни мавзу юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар томонидан сўров келиб тушган тақдирда, чегара-божхона постларига пресс тур ташкил қилишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

6.10.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг